Сариосиёда “Ҳоким ва битирувчи ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди
2026-04-08 08:35:00 / Тадбирлар

Жорий йилда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ҳамда Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини муваффақиятли тамомлаётган Сариосиё туманидан бўлган битирувчи ёшлар иштирокида туман ҳокими Одилжон Яқубов раҳбарлигида “Ҳоким ва битирувчи ёшлар” учрашуви ўтказилди.
Мазкур учрашувда Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори О.Рўзиев, тумандаги алоқадор ташкилот, корхоналар ҳамда тижорат банклари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида дастлаб туман ҳокими мамлакатимизда ёшлар сиёсати доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёшларга яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Шунингдек, битирувчи ёшларга эгаллаган билим ва салоҳиятини юрт равнақи йўлида самарали йўналтириш, замон билан ҳамнафас бўлиб, доимий изланиш ва ўз устида ишлашни давом эттириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Очиқ ва самимий мулоқот руҳида ўтказилган учрашув давомида ёшлар томонидан билдирилган савол, таклиф ва ташаббуслар атрофлича муҳокама қилиниб, уларга мутасаддилар томонидан аниқ ва асосли жавоблар берилди.
Мазкур учрашув ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлашга кўмаклашиш, замонавий касб-ҳунар ва кўникмаларни эгаллашга йўналтириш, шунингдек, уларнинг фикр ва ташаббусларини инобатга олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.








