“Ёшлар куни” муносабати билан ёшлар учун бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
2026-03-12 11:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йил 24-феврал куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ёшлар куни” этиб белгиланган.
Мазкур ташаббус доирасида бугун Сариосиё тумани “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғидаги Маънавият масканида ёшлар бандлигини таъминлашга қаратилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбир туман ҳокимлиги, туман прокуратураси, Ёшлар ишлари бўлими ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими ҳамкорлигида ўтказилди.
Тадбир давомида мутасадди ташкилотлар вакиллари томонидан меҳнат ярмаркасининг аҳамияти, ёшлар бандлигини таъминлаш борасида яратилаётган янги имкониятлар ва шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Шунингдек, меҳнат ҳуқуқи, бандлик ҳамда меҳнат муносабатлари бўйича мутахассислар томонидан ёшлар ва фуқароларга зарур ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам тақдим этилди.
Меҳнат ярмаркасида 24 та давлат ва нодавлат ташкилотлари иштирок этиб, жами 134 та бўш иш ўрни таклиф қилинди. Тадбир якунида 12 нафар ишсиз ёш меҳнат ярмаркасининг ўзидаёқ муносиб иш ўринларига жойлашиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, 56 нафар фуқарога меҳнат ва бандлик масалалари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мазкур тадбир ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда жамият ҳаётидаги фаоллигини оширишга хизмат қилувчи муҳим ташаббуслардан бири бўлди.









