Мурожаат
2025-11-29 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Сариосиё тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Хўжамқулов Ғайрат Чориевичнинг маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича туман аҳолисига йўллаган мурожаати
Ҳурматли тумандошлар!
Маълумки, жорий йил 3-январ куни Президентимиз томонидан “2025-йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли қарор имзоланди.
Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида, Сариосиё тумани Ички ишлар бўлими томонидан туман ҳокимлиги ҳамда тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда маҳаллаларда жиноятчиликнинг олдини олиш, барқарор хавфсизлик муҳитини шакллантириш борасида қатор аниқ ва манзилли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, “Хавфсиз маҳалла – осуда ҳаёт” тамойили асосида туманда намунали хавфсиз кўча ва хавфсиз йўлак шакллантирилди. Ушбу ҳудудларда видеокузатув воситалари, замонавий ёритиш тизимлари ва жамоат назоратини кучайтиришга қаратилган инфратузилма жорий этилди.
Шунингдек, жамоат тартиби ва жиноятчиликни назорат қилиш мақсадида аҳолининг гавжум жойлари, марказий кўчалар ва кенг фойдаланиладиган йўлакларга видеокузатув камералар ўрнатилди.
Кўп қаватли уйлар ҳовлиларида хавфсизликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ПТЗ-камера, хабардор қилиш тугмалари ўрнатилди, хонадонлар замонавий домофон тизими билан жиҳозланди.
Бугунги кунда ички ишлар органлари олдида турган муҳим вазифалардан бири — фуқаролар билан очиқ ва ишончли ҳамкорликни янада кучайтириш, жамоатчилик билан бевосита ва самарали мулоқотни йўлга қўйишдан иборатдир.
Бизнинг асосий мақсадимиз — Сариосиё туманини жиноятчиликдан ҳоли, тинч ва осойишта ҳудудга айлантириш, фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш ва криминоген ҳолатни барқарорлаштиришдан иборат.
Ҳурматли юртдошлар!
Сизларга мурожаатим шундан иборатки, ҳозирги кунда тез бойиш ниятида ҳар хил фирибгарлар тузоғига тушиб қолиш хавфи кучайган бир пайтда, ҳушёрлик ва огоҳликни янада ошириш зарур. Дунё миқёсида кенг тарқалиб бораётган кибержиноятларга қарши курашишда ҳар биримиз фаол бўлишимиз лозим. Уй ҳайвонлари ва бошқа мол-мулкларингизни қаровсиз қолдирмаслик, яқинларингизни ва қўшни-қариндошларингизни огоҳлантириш, жиноятчиликка қарши тарғибот ишларида фаол иштирок этиш бугунги куннинг долзарб вазифасидир.
Шу боис, оила аъзоларингиз ва яқинларингизни Ички ишлар вазирлигининг расмий ахборот каналлари ва махсус ботларига улаш орқали, интернетдаги фирибгарлик ва киберхавфлардан мунтазам хабардор қилиб боринг. Ҳар қандай киберфирибгарлик - шахсий маълумотлар ёки банк карталаридан ноқонуний фойдаланиш орқали амалга оширилаётган жиноятларга қарши жамоатчилик онги ва ҳушёрлигини оширишда сизнинг ҳиссангиз беқиёсдир.
Эътиборингиз учун ташаккур билдираман!
