Риштон – Жаҳон ҳунармандлар шаҳри!
2025-09-22 15:55:00 / Янгиликлар

Тантанали маросимда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал-Қаддумий, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов ҳамда нуфузли меҳмонлар иштирок этди. Маросимда Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқовга махсус сертификат топширилди.
— Риштоннинг бу мақомга эришиши нафақат туман, балки мамлакатимиз учун ҳам катта шарафдир. Бу ҳунармандчилик, туризм ва ёшлар ижодкорлигини ривожлантиришда янги имкониятлар эшигини очади, — деди Саад ал-Қаддумий.
Мазкур тарихий воқеа кулоллар, зиёлилар ва жамоатчилик вакиллари учун чексиз қувонч ва ифтихор туйғусини олиб келди.
Таниқли кулол устаси Алишер Назиров ўз фикрида:
— Риштон кулолчилиги қадимий анъаналарга эга. Бу мақом биз усталар учун ҳам масъулият, ҳам ғурурдир. Энди миллий кулолчиликни дунёга янада кенг тарғиб қилишимиз керак, — деди.
Нуронийлар жамғармаси туман бўлими раиси Турсунхўжа Абдураҳмонов эса:
— Бугун тарихий кун. Боболаримизнинг меҳнати ва мероси муносиб баҳоланди. Ёшлар ана шу анъанани келажакка етказишлари зарур, — дея таъкидлади.
Журналист Ҳамиджон Бурҳонов воқеага ижтимоий нуқтаи назардан ёндашиб:
— Риштоннинг Жаҳон ҳунармандлар шаҳри сифатида тан олиниши – фақат туман эмас, балки Ўзбекистоннинг нуфузини ҳам юксалтирувчи воқеадир. Бу ерга энди кўпроқ туристлар ва тадқиқотчилар ташриф буюради, — деди.
Машҳур кулол устаси Шокиржон Аҳмаджонов эса ўз сўзида:
— Ушбу мақом Риштон кулоллари учун янги йўл очади. Устоз-шогирд анъанаси янада ривожланиб, ёшлар учун катта имконият яратилади, — деб фикр билдирди.
Дарҳақиқат, Риштоннинг “Жаҳон ҳунармандлар шаҳри” мақоми билан юксалиши нафақат маҳаллий аҳоли, балки бутун мамлакат аҳли учун фахр ва ифтихор туйғусини уйғотмоқда. Бу эътироф юртимизнинг маданий мероси ва ҳунармандчилик салоҳиятининг жаҳон миқёсида муносиб баҳоланаётганидан далолатдир.





