Риштонда II Халқаро кулолчилик форуми якунланди
2025-09-22 12:05:00 / Янгиликлар

Форумнинг дастлабки кунлариданоқ халқаро кулолчилик марказида маҳаллий ва хорижий усталарнинг беназир маҳсулотлари кўргазмаси ва савдоси ташкил этилди. Меҳмонлар икки қаватли кулоллар хонадонлари, устахона ва савдо дўконлари билан танишиб, маҳаллий ҳунармандларнинг бой тажрибасига юқори баҳосини бердилар. Шунингдек, туман истироҳат боғида халқ сайли, ош танловлари, ҳунармандлар кўргазмаси ва концерт дастурлари кенг жамоатчиликка байрамона кайфият улашди.
Муҳим маданий воқеалардан бири сифатида Риштон анъанавий кулолчилик музейининг тантанали очилиши ва “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китобининг тақдимоти ўтказилди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши президенти Саад ал-Қаддумий, Республика “Ҳунарманд” уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедов ҳамда хорижлик таниқли ҳунармандлар иштирок этди. Тадбирда ҳунармандчиликнинг бой тарихи, миллий анъаналарни сақлаш ва ривожлантириш йўллари хусусида фикр алмашилди.
Форум доирасида “Анъанавий кулолчиликни сақлаш ва ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман ҳам ташкил этилди. Унда кулолчилик санъатини замонавий технологиялар билан уйғунлаштириш, ёш авлодни ушбу қадимий касб сирларига ўргатиш ва устоз-шогирд анъаналарини қайта тиклаш масалалари муҳокама қилинди.
Беларуслик кулоллар томонидан саҳналаштирилган “Бир қўлли йўқ кулол” спектакли, фольклор жамоаларининг чиқишлари ва Бухоронинг машҳур “Минораи Калон” ёдгорлиги асосида тайёрланган кулолчилик композицияси форумнинг энг ёрқин дақиқалари сифатида томошабинларда катта таассурот қолдирди.
Форумнинг якуний қисмида энг сара ижодкорлар турли номинациялар бўйича тақдирланди. Жумладан, “Қадимий сулола давомчиси”, “Анъаналарни қайта тиклаган кулол”, “Энг яхши кулол”, “Энг ёш маҳоратли кулол” ва “Энг моҳир аёл кулол” каби номинациялар бўйича ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
II Халқаро кулолчилик форуми Риштоннинг нафақат миллий, балки халқаро миқёсда ҳам кулолчилик маркази сифатидаги нуфузини янада оширди. Бу тадбир ҳунармандчиликни ривожлантириш, маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва халқлар дўстлигини янада юксалтиришга хизмат қилди.









