Риштонда 28 оила ярашди — 50 дан ортиқ бола ота-она бағрига қайтди
2025-08-14 15:50:00 / Янгиликлар

Мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, фарзандлар бахти ва тарбияси учун соғлом муҳит яратиш йўлида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада Бюронинг Риштон тумани бўлими ҳам эзгу ташаббусларни амалга ошириб, нафақат алимент қарзларини ундириш, балки ажрашган оилаларни яраштириш ва уларни қайта тиклаш йўналишида ҳам самарали фаолият юритмоқда.
Бундай хайрли ишлар туфайли кўплаб болалар ота-она бағрида шодон яшаш имкониятига эга бўлмоқда. Чунки оиладаги нотинчлик ва ажримлар сабаб фақат эр-хотин эмас, балки фарзандлар — эртанинг келажаги бўлган ёшлар ҳам азият чекиши айни ҳақиқатдир.
Август ойининг дастлабки 14 кунида Риштон туманида 28 та оила яраштирилди. Натижада 50 дан зиёд бола ўз ота-онаси бағрига қайтди.
Масалан, ФИБ Риштон туманлараро судининг 25.10.2013 йилдаги қарорига асосан қарздор М.Э.дан ундирувчи Э.М. фойдасига 1 нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган эди. Бюрода ўтказилган суҳбатлар натижасида 2025 йил 11 август куни оила ярашиб, икки нафар фарзанд ота-она бағрида яшайдиган бўлди.
Шунингдек, фуқаролик судининг 31.07.2025 йилдаги суд буйруғига асосан Ю.З. икки нафар фарзанди учун алимент тўлашга мажбур этилган эди. Профилактик тушунтириш ишларидан сўнг ушбу оила ҳам ярашиб, ижро ҳужжати тугалланди.
Бюронинг Риштон тумани бўлими бошлиғи Ж.Б. Юлдашев таъкидлашича, бундай тадбирлар мунтазам давом эттирилади. Чунки ҳар бир ярашган оила — бир неча фарзанднинг тақдири, бир неча боланинг бахти ва келажаги демакдир.
