Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқовнинг Хитой сафари таассуротлари
2025-08-08 15:05:00 / Янгиликлар

Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов бошчилигидаги делегациянинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган хизмат сафари самарали учрашувлар ва мазмунли музокаралар билан ёдда қолмоқда. Сафар давомида туман раҳбарияти ҳамда маҳаллий тадбиркорлар Хитойнинг бир қатор шаҳарларидаги йирик саноат, савдо ва ҳунармандчилик корхоналари фаолияти билан яқиндан танишишмоқда.
Туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов ўз таассуротларини шундай ифодалади:
> — Хитойга ташрифимиздан асосий мақсад — ҳудудлараро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, саноат ва ҳунармандчилик соҳаларидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ҳамда уларни Риштонда амалиётга жорий этиш эди. Сафар давомида олиб борилган учрашувлар, музокаралар ва тажриба алмашинуви биз учун жуда катта таассурот қолдирди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Чаожоу шаҳридаги чинни маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “PITO” компанияси, шунингдек, Гуанжоу ва Фошан шаҳарларидаги саноат кластерлари, косметика, тоза маҳсулотлар ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқарадиган корхоналарда бўлишмоқда.
> — Айниқса, чинничилик соҳасидаги юксак технологиялар ва меҳнатни ташкил этиш маданияти эътиборимизни тортди. Риштон чиниси ўз ўрнига эга, аммо замон талабларига мос равишда уни янада такомиллаштиришимиз зарур. Шу боис, “PITO” корхонаси билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш линияларини йўлга қўйиш, лой ва сир (фрит) таркибини яхшилаш бўйича келишувга эришдик. Яқин кунларда уларнинг мутахассислари Риштонга ташриф буюриб, аниқ амалий ишлар бошланади, — деди ҳоким.
Сафар чоғида тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилди, Хитой бозорига экспорт имкониятлари ва инвестицион ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинмоқда.
> — Хитойдаги барча ҳамкорларимизда Ўзбекистон, хусусан, Фарғона вилояти ва Риштонга бўлган қизиқиш юқори. Бу бизни қувонтиради. Сафар давомида олиб борилган ишлар шубҳасиз ўз самарасини беради, — дея таъкидлади туман ҳокими.
Хитой сафари Риштон туманида ишлаб чиқариш, экспорт ва ҳунармандчилик салоҳиятини янада ривожлантириш, замонавий технологиялар ва инновацияларни жалб этиш йўлида муҳим қадам бўлди. Сафар давомида ҳозирча умумий қиймати 12 миллион доллар бўлган келишувларга эришилди.



