РИШТОНДА ЁШЛАР КУНИ: ОСИЁ ЧЕМПИОНЛАРИ ЭЪТИРОФИ ВА ЁШЛАР БИЛАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ
2026-11-19 12:30:00 / Янгиликлар

Пайшанба — Ёшлар куни Риштон туманида ўзгача шукуҳ ва кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
Самарқанд шаҳрида 2026 йилнинг 28–31 октябрь кунлари Usmonov Kombat Systems спорт тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларга эришган риштонлик спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов ҳамда туман раҳбарлари Осиё чемпиони шарафли номига сазовор бўлган ёш спортчилар — Саидахмад Шермуҳаммадов ва Исломжон Сойибжоновларни самимий табриклаб, уларнинг эришган ютуқлари билан фахрланишларини билдирдилар. Маросим давомида чемпионларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Ёшлар билан очиқ мулоқот
Ёшлар куни муносабати билан Риштон тумани ҳокимлиги мажлислар залида ёшлар билан очиқ мулоқот ҳам ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов, туман прокурори Рашидбек Меҳмонов, туман ИИБ бошлиғи Бахтиёржон Нажмитдинов, солиқ инспекцияси бошлиғи Саидахон Нурматова, шунингдек, туман ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этдилар.
Мулоқот давомида ёшларнинг мурожаатлари, кундалик ҳаётида дуч келаётган муаммолари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Уларни қийнаётган масалалар юзасидан тегишли мутасаддиларга зарур топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, мурожаатларни қонуний тартибда ҳал этиш чоралари белгиланди.
Очиқ мулоқот ёшлар билан бевосита фикр алмашиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда муаммоларига амалий ечим топишга хизмат қилди.
Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, спорт ва бошқа соҳалардаги ютуқларини муносиб эътироф этиш туман ҳаётидаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.
Зеро, ёшлар фикри ва ташаббуси — тараққиётнинг муҳим омилидир!





