“АЁЛЛАР ДАФТАРИ”: 6 766 НАФАР ХОТИН-ҚИЗГА АМАЛИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ
2026-11-17 10:00:00 / Янгиликлар

Интервью
Риштон тумани ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи М. Дадажонова билан 2026-йилда “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи доирасида амалга оширилган ишлар юзасидан интервю
— Мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва ижтимоий муаммоларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Риштон туманида “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичи доирасида қандай ишлар амалга оширилди?
— Албатта, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганиш ва манзилли ёрдам кўрсатиш устувор вазифаларимиздан биридир.
2026-йилда Риштон туманида жами 6 766 нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари”нинг 7-босқичига киритилди. Улар бешта тоифа бўйича рўйхатга олиниб, ҳар бирининг муаммоси ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, амалий ёрдам чоралари белгиланди.
Жумладан, 1 794 нафари ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар, 129 нафари тадбиркорлик қилиш истагидаги эҳтиёжманд аёллар, 100 нафари уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизлар, 1 924 нафари тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож аёллар ҳамда 2 819 нафари ҳуқуқий ёрдамга эҳтиёжманд хотин-қизлардан иборат бўлди.
Энг муҳими, рўйхатга киритилган 6 766 нафар хотин-қизнинг барчасига, яъни 100 фоизига амалий ёрдамлар кўрсатилди.
— Биринчи тоифага киритилган ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасида қандай натижаларга эришилди?
— Бу йўналишда асосий эътибор хотин-қизларни доимий даромад манбаига эга қилиш, касб-ҳунарга ўргатиш ва меҳнат бозорида ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилди.
Натижада ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз 1 794 нафар хотин-қизнинг барчасининг бандлиги таъминланди. Шундан 1 666 нафарининг доимий бандлиги таъминланди. Жумладан, 28 нафари Бандликка кўмаклашиш бўлими йўлланмалари орқали ишга жойлаштирилди.
Яна 15 нафар хотин-қиз “Ваучер” тизими асосида касб-ҳунарга ўқитилди. Бунинг учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик жамғармаси ҳисобидан 18 миллион 750 минг сўм маблағ сарфланди.
Шунингдек, 113 нафар хотин-қиз ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад топиш имкониятига эга бўлди.
— Тадбиркорлик қилиш истагидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича қандай имкониятлар яратилди?
— Тадбиркорликка қизиқиш билдирган хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Иккинчи тоифага киритилган 129 нафар хотин-қизнинг барчасига жами 1 миллиард 595 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шундан 97 нафари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида бўлган аёллар бўлиб, уларга жами 1 миллиард 209 миллион сўм кредит берилди. Хусусан, Халқ банки томонидан 27 нафар хотин-қизга 397 миллион сўм, Микрокредитбанк томонидан эса 70 нафар хотин-қизга 812 миллион сўм миқдорида кредит ажратилди.
Кредитлар тикувчилик, ҳунармандчилик, чорвачилик, кўчат етиштириш, иссиқхона ташкил этиш, маиший хизмат кўрсатиш, қандолатчилик ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилди.
Бу орқали хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши ва оилавий даромадларини ошириши учун зарур шароитлар яратилди.
— Уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга қандай ёрдамлар кўрсатилди?
— Уй-жой масаласи кўплаб оилалар учун муҳим ижтимоий муаммолардан бири ҳисобланади. Шу сабабли ушбу йўналишда ҳам эҳтиёжманд хотин-қизларнинг мурожаатлари ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди.
Учинчи тоифага киритилган 100 нафар хотин-қизга уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ёрдам берилди. Жумладан, 3 нафар аёлга турар жой ижараси учун 12 миллион 500 минг сўм компенсация тўлаб берилди.
Шунингдек, 97 нафар эҳтиёжманд хотин-қизнинг уй-жойини таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Бунда “Аёллар дафтари” жамғармаси, маҳаллий буджет ва ҳомийлик маблағларидан фойдаланилди.
— Тиббий ва психологик ёрдамга муҳтож хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида қандай ишлар бажарилди?
— Хотин-қизларнинг саломатлиги ва руҳий хотиржамлигини таъминлаш ҳам эътиборимиз марказида. Тўртинчи тоифага киритилган 1 924 нафар аёлнинг барчасига амалий ёрдам кўрсатилди.
Жумладан, 1 913 нафар хотин-қизга психологик ёрдам берилди. Уларнинг 1 187 нафари психологлар томонидан ташкил этилган семинар ва машғулотларда иштирок этди. Шунингдек, низоли оилаларда яшовчи 159 нафар хотин-қизга индивидуал психологик ёрдам кўрсатилди.
Бундан ташқари, 11 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга жарроҳлик амалиётисиз тиббий ёрдам кўрсатилиб, улар стационар ва амбулатор шаклда даволанди. Ушбу тиббий ёрдам учун 26 миллион сўм маблағ сарфланди.
— Ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш қандай ташкил этилди?
— Ҳуқуқий саводхонликни ошириш, аёлларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларини қонуний тартибда ҳал этишга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
Бешинчи тоифага киритилган 2 819 нафар хотин-қизнинг барчасига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. Жумладан, 1 950 нафар аёл ҳуқуқшунослар томонидан ташкил этилган семинар ва тушунтириш тадбирларида иштирок этди.
Яна 810 нафар хотин-қизга ҳуқуқий масалаларда индивидуал маслаҳатлар берилди. Шунингдек, 30 нафар аёлнинг мурожаати жойида ҳал этилди, тазйиқ ва зўравонликка учраган 29 нафар хотин-қизга ҳимоя ордерлари берилди.
Бу каби ишлар аёлларнинг ўз ҳуқуқларини билиши, ҳимоя қилиши ва муаммоларига қонуний ечим топишида муҳим аҳамият касб этади.
— Суҳбатимиз якунида келгусидаги режалар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
— Асосий мақсадимиз — “Аёллар дафтари”га киритилган ҳар бир хотин-қизнинг муаммосини шунчаки рўйхатдан чиқариш билан чекланмасдан, унинг ҳаётида ижобий ўзгариш ясашдир.
Келгусида ҳам хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, уй-жой ва саломатлик билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш бўйича ишларни изчил давом эттирамиз.
Зеро, аёл бахтли бўлса, оила мустаҳкам, жамият эса фаровон бўлади.




