ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙ ҲАМКОРЛИГИ: РИШТОН ВА ЦЗИНДЭЧЖЭН ЎРТАСИДА КУЛОЛЧИЛИК СОҲАСИДАГИ АЛОҚАЛАР РИВОЖЛАНТИРИЛАДИ
2026-11-07 06:30:00 / Янгиликлар

Хитой Халқ Республикасининг машҳур керамика маркази — Цзиндэчжэн шаҳрида фаолият юритувчи “Jingdezhen Ceramics Group” компанияси Марказий Осиё бўлими раҳбари Чжун Вэй Ўзбекистонга ташрифи доирасида Риштон туманида бўлди.
Ташриф дастурининг дастлабки манзили Халқаро кулолчилик маркази бўлди. Меҳмон бу ерда Риштоннинг кўп асрлик кулолчилик анъаналари, миллий ҳунармандчилик мактаби ва амалий санъат намуналари билан яқиндан танишди. Уста кулоллар билан мулоқот давомида уларнинг ижодий фаолияти, ишлаб чиқариш тажрибаси ва анъанавий безак услубларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, кулолчилик музейлари кўздан кечирилиб, Риштон ҳунармандчилигининг тарихи ва ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумот берилди.
Шундан сўнг делегация вакили тадбиркор Муҳайё Сатторова томонидан ташкил этилган “MM Porcelain” оилавий корхонаси фаолияти билан танишди. Корхонада чинни буюмларига бадиий безак бериш жараёнлари, маҳсулот тайёрлаш босқичлари, маҳаллий усталарнинг маҳорати ва ишлаб чиқариш имкониятлари намойиш этилди.
Ташриф доирасида Риштон тумани ҳокимлигида туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Бобожон Иброҳимов ҳамда “Jingdezhen Ceramics Group” компанияси Марказий Осиё бўлими раҳбари Чжун Вэй иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Риштон ва Цзиндэчжэн кулолчилик мактаблари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашиш, ишлаб чиқариш ва савдо алоқаларини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида келгусидаги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни амалга оширишга қаратилган Англашув меморандуми (MOU) имзоланди.
Мазкур меморандум Риштон ва Цзиндэчжэн ўртасида кулолчилик соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳунармандлар ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, маҳаллий маҳсулотларни халқаро бозорларда тарғиб этиш ҳамда истиқболли ҳамкорлик лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.







