РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-11-05 15:50:00 / Янгиликлар
«Халқ овозини эшитинг, лавозим халқдан устун эмас» сарлавҳаси остида ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақола юзасидан Риштон тумани ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади.
Аҳоли, хусусан, хотин-қизларнинг мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш, уларнинг муаммоларига ечим топиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат идоралари фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Бу борада Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари К. Кавлонова томонидан хотин-қизлар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг дарду ташвишларини бевосита эшитиш ҳамда мурожаатларини ҳал этиш мақсадида шахсий ва сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келинмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида вилоят ҳокими ўринбосари томонидан Риштон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида 4 маротаба сайёр қабул ўтказилиб, уларда 30 нафардан ортиқ фуқароларнинг мурожаатлари тингланган.
Мазкур қабуллар давомида хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, уй-жой шароитларини яхшилаш, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, оилавий муаммоларни бартараф этиш ҳамда бошқа долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинган. Ҳар бир мурожаат юзасидан тегишли масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида зарур ўрганишлар олиб борилиб, муаммоларни қонуний тартибда ҳал этиш чораларига эътибор қаратилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайёр қабулларнинг асосий мақсади шунчаки мурожаатларни тинглаш эмас, балки уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш, фуқароларни қийнаётган масалаларга имкон қадар жойида ечим топиш ва ижросини назорат қилишдан иборат. Зеро, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, оила осойишталиги ва келажакка бўлган умид мужассам.
Шунингдек, Риштон тумани ҳокими ўринбосари — Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи М. Дадажонова томонидан ҳам хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида кўриб чиқиш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан шахсий ҳамда сайёр қабуллар мунтазам ўтказиб келинмоқда.
Қабуллар давомида билдирилган ҳар бир мурожаат белгиланган тартибда рўйхатга олиниб, тегишли масъулларга бириктирилади ҳамда ижроси назоратга олинади. Мурожаатларни кўриб чиқишда масаланинг мазмуни, фуқароларнинг ижтимоий ҳолати ва мавжуд имкониятлар инобатга олиниб, уларни ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланади.
Риштон тумани ҳокимлиги фуқаролар билан очиқ ва самимий мулоқот олиб бориш, уларнинг мурожаатларига бефарқ бўлмаслик ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишини билдиради.
Аҳоли мурожаатлари билан ишлашда асосий мезон — инсон манфаатлари, масъулият ва натижадорликдир.
