БУГУН — ЁШЛАР КУНИ: РИШТОНДА ЁШЛАР УЧУН КАСБ-ҲУНАР ВА БАНДЛИК ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙМОҚДА
2026-11-05 13:25:00 / Янгиликлар

Ташриф давомида туман ҳокими автомобилларга, жумладан, электромобилларга техник хизмат кўрсатиш устахонаси фаолиятини кўздан кечирди. Унга дуал таълим тизими асосида ўқувчиларнинг назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкамлаш, замонавий автомобилларга техник хизмат кўрсатиш бўйича касбий кўникмаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Шунингдек, туман ҳокими «Roshidon Guli Teks» хусусий корхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тикувчилик корхонасининг очилиш маросимида иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан туман ҳокими ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг аҳамиятига тўхталди.
Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ёшлар учун янги иш ўринлари яратиш, уларнинг касбий маҳоратини ошириш ва дуал таълим тизимини амалиёт билан бойитишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ташриф давомида техникумда яратилган замонавий ўқув шароитлари, жиҳозланган хоналар ва таълим жараёни билан ҳам яқиндан танишилди. Жумладан, ўқувчиларга немис тилини ўргатиш, хорижий тилларни пухта эгаллаш орқали халқаро меҳнат бозорида рақобатбардош мутахассис бўлиб етишишлари учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.
Туман ҳокими ёшларни замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашга, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланишга чақирди.
Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, таълим ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ҳамда уларнинг муносиб бандлигини таъминлаш Риштон туманида устувор вазифалардан бири ҳисобланади.








