АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ ОРТИДА ҚАНДАЙ МАСАЛАЛАР ТУРИБДИ?
2026-10-30 08:30:00 / Янгиликлар

Интервью
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Риштон туманидаги Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Даврон Ҳусанов билан суҳбат
Аҳоли мурожаатлари — жойлардаги муаммоларни аниқлаш, уларнинг ечимини топиш ва фуқароларнинг давлат идораларига бўлган ишончини мустаҳкамлашда муҳим воситадир. Хўш, жорий йил октябрь ойида Риштон туманида қанча мурожаат келиб тушди? Фуқаролар асосан қайси масалаларда ёрдам сўрамоқда? Бу борадаги таҳлиллар қандай натижаларни кўрсатмоқда? Шу саволлар билан Президентнинг Риштон туманидаги Халқ қабулхонаси бош мутахассиси Даврон Ҳусановга мурожаат қилдик.
—Аввало, октябрь ойида туман Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар сони ва уларнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берсангиз.
— 2026 йил октябрь ойида Риштон тумани Халқ қабулхонасига жами 301 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг мазмун-моҳияти таҳлил қилинганда, энг кўп мурожаатлар ижтимоий ҳимоя, нафақа ва моддий ёрдам, алимент ундириш, коммунал хизматлар ҳамда ҳуқуқ-тартибот масалаларига оид экани маълум бўлди.
Жумладан, нафақа тайинлаш, моддий ёрдам ажратиш ва пенсия масалалари бўйича 54 та мурожаат келиб тушган. Бу умумий мурожаатларнинг 17,9 фоизини ташкил этади. Алимент, қарз ундириш ва ижро иши юритиш масалалари бўйича 29 та, чиқиндиларни олиб кетиш хизматлари юзасидан 22 та мурожаат қайд этилган.
Шунингдек, ходимлар фаолияти ва хатти-ҳаракатларидан норозилик бўйича 18 та, электр таъминотига оид 14 та мурожаат келиб тушган.
— Демак, мурожаатларнинг салмоқли қисми ижтимоий масалаларга тўғри келмоқда. Аниқроқ айтганда, фуқаролар қайси муаммолар юзасидан кўпроқ ёрдам сўрашмоқда?
— Тўғри, октябрь ойидаги мурожаатлар орасида ижтимоий ҳимоя масалалари алоҳида ўрин тутди. Айниқса, 18 ёшгача болалар нафақасини тайинлаш билан боғлиқ 38 та мурожаат келиб тушган. Бу энг кўп кўтарилган масалалардан бири ҳисобланади.
Бундан ташқари, алимент ундириш бўйича 19 та, маиший чиқиндиларга оид асоссиз қарздорлик ва чиқиндиларни олиб кетиш масалалари бўйича 11 тадан мурожаат қайд этилган. Оилавий низолар юзасидан 8 та, имтиёзли кредитлар, ички йўлларни таъмирлаш ва газ баллонларини тўлдириш бўйича 7 тадан мурожаат келиб тушган.
Бу рақамлар аҳолини, аввало, оилавий даромад, ижтимоий ҳимоя ва кундалик турмуш билан боғлиқ масалалар ўйлантираётганини кўрсатади.
— Мурожаатлар ижрога йўналтирилган ташкилотлар кесимида қандай кўринишга эга?
— Ижрочилар кесимида энг кўп мурожаат Риштон тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига йўналтирилган бўлиб, уларнинг сони 50 тани ташкил этган. Бу умумий мурожаатларнинг 16,6 фоизидир.
Фарғона вилояти бошқармаларига 25 та, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармасига 13 та мурожаат юборилган. Туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими, туман ҳокимлиги ҳамда Мажбурий ижро бюросининг туман бўлимига 12 тадан мурожаат йўналтирилган.
Шунингдек, «Риштонтумангаз»га 9 та, туман тиббиёт бирлашмасига 8 та, электр тармоқлари корхонаси ва туман ички ишлар бўлимига 7 тадан мурожаат келиб тушган.
— Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, қайси маҳаллаларда мурожаатлар сони юқори бўлган?
— Октябрь ойидаги 301 та мурожаат туманнинг 61 та маҳалласидан келиб тушган. Энг кўп мурожаат Гузар ва Мевазор маҳалла фуқаролар йиғинларидан 15 тадан қайд этилган.
Анҳор бўйи ва Даҳбед маҳаллаларидан 14 тадан, Оқ ер маҳалласидан 13 та, Пастки Бешкапа маҳалласидан 11 та, Марказ маҳалласидан 10 та мурожаат келиб тушган. Янги авлод ва Хожи қишлоқ маҳаллаларидан эса 9 тадан мурожаат қайд этилган.
Ушбу тўққизта маҳалладан жами 110 та мурожаат келиб тушган бўлиб, бу умумий мурожаатларнинг 36,5 фоизини ташкил этади. Албатта, бу ҳудудлардаги муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб бориш муҳим.
— Такрорий мурожаатлар ҳам мавжуд. Бу ҳолат нимадан далолат беради?
— Октябрь ойида 33 та такрорий мурожаат қайд этилган. Бу умумий мурожаатларнинг 11 фоизига тенг.
Такрорий мурожаатларнинг энг кўпи 18 ёшгача болалар нафақаси масаласига оид бўлиб, 6 тани ташкил этган. Электр тармоқлари объектларини қуриш, таъмирлаш ва ўзгартириш бўйича 3 та, ҳоким ёрдамчисидан кредитга тавсиянома олиш ҳамда имтиёзли кредитлар юзасидан 2 тадан такрорий мурожаат келиб тушган.
Ташкилотлар кесимида эса такрорий мурожаатларнинг энг кўпи Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Фарғона вилояти бошқармасига — 5 та, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимига 3 тадан тўғри келган.
Такрорий мурожаатлар ҳар бир масала бўйича қабул қилинган қарорлар ва амалга оширилган ишлар натижадорлигини янада чуқур таҳлил қилиш зарурлигини кўрсатади.
— Жамоавий мурожаатлар бўйича ҳам маълумот берсангиз.
— Ҳисобот даврида 6 та жамоавий мурожаат келиб тушган. Уларда асосан электр таъминоти, ички йўлларни асфальтлаш, мактаб қурилиши, таълим соҳаси ходимлари фаолияти ва меҳнатни рағбатлантириш масалалари кўтарилган.
Жумладан, Қуйи Авазбой маҳалласидан электр тармоқлари объектларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда янги мактаб ва қўшимча иншоот қуриш, Булоқбоши маҳалласидан электр таъминотидаги узилишлар, Пандигон маҳалласидан ички йўлларни асфальтлаш юзасидан мурожаатлар келиб тушган.
Шунингдек, Жаҳонобод маҳалласидан таълим соҳаси ходими хатти-ҳаракатлари, Ўйрат маҳалласидан меҳнатни рағбатлантириш масалалари бўйича жамоавий мурожаатлар тегишли ташкилотларга ижро учун юборилган.
— Суҳбатимиз якунида фуқароларга қандай тавсия ва мурожаатингиз бор?
— Ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг дарди, муаммоси ва умиди бор. Шунинг учун фуқаролар мурожаатларини ўрганишда масалага бефарқ қарамаслик, қонунийлик ва адолат тамойилларига амал қилиш муҳим.
Шу билан бирга, аҳолидан ўз мурожаатларини аниқ ва асосли маълумотлар ҳамда зарур ҳужжатлар билан тақдим этишларини сўраймиз. Мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши ва қонуний ечим топиши учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
Асосий мақсадимиз — фуқароларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, уларни ҳал этишга кўмаклашиш ва аҳоли розилигини таъминлашдир.
Риштон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати .



