МЕҲНАТОБОД ОҒИР МАҲАЛЛА ТОИФАСИДАН ЧИҚАРИЛАДИ
2026-10-29 16:45:00 / Янгиликлар

ФАРОВОНЛИК
Меҳнатобод яқин-яқингача Фарғона вилоятидаги Риштон туманининг чўл зонаси, дейиларди. Йиллар ўтгани сайин энди бу гаплар тарихга айланди. Қишлоқ йилдан-йилга ўзгача жозиба, қиёфа касб этди. Тадбиркорлик субъектлари кўпайяпти. Аҳолининг даромади ошмоқда. Хўжаликлар томорқаларида харидоргир, бозор суядиган мўл-кўл маҳсулотлар етиштириляпти ва бу билан аҳолининг турмуш тарзи тобора фаровонлашиб бормоқда.
Маълумки, ҳозир республикамиздаги барча вилоятлар ва туманлар кесимида оғир тоифадаги маҳаллаларни янгича ёндашув асосида ривожлантириш кун тартибида турибди. Бунда МФЙларнинг ишсизлик даражаси критериялари, камбағаллашган ва ижтимоий реестрда турган оилалар миқдори чуқур ва атрофлича ўрганилиб, инфраструктура масалалари бўйича оғир маҳалла тоифасига киритилади. Меҳнатобод қишлоғида ҳам ана шу масалалар аниқ таҳлиллар асосида умумлаштирилиб, Республикага тақдим қилингач оғир тоифадаги маҳалла сифатида танлаб олингани бежиз эмас.
Агар туманда 68 та МФЙлари мавжудлигини инобатга олсак, улардан 3 таси оғир тоифадаги маҳаллалар сирасига киради. Бунинг учун алоҳида ресурслар ажратиляпти. Хусусан, Меҳнатобод МФЙга Республика бюджетидан 2 млрд сўм ва туман маҳаллий бюджетидан 1 млрд сўм маблағ ажратилди. Бу фақат оғир тоифадаги инфратузилма объектларини яратиш билан бирга аҳолининг турмуш тарзини оширишга ҳамда тадбиркорлик муҳитини яхшилашга қаратилган. Маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳолининг турмуш тарзини замон талаблари даражасига кўтариш мақсадида ҳудудда турли йўналишларда фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектлари доимо қўллаб-қувватланяпти.
Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида йилнинг ўтган даври мобайнида қишлоқдаги 3 та кўчага тунги ёритиш чироқлари, 4 та кўчага бетон таянчлар, 3 та кўчага юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилди. 6 та кўчага “СИП” кабели тортилди. Йил охиригача ҳудуддаги қолган кўчаларга яна 50 та тунги ёритиш чироқлари ўрнатилиб, 4 км электр тармоғи тортилади. Маънан эскирган ёғоч таянчлар ўрнига 150 та бетон таянч устунлар ва 3 та аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминловчи янги, замонавий трансформатор ҳамда маҳалла маркази ва мактабга кириб чиқишдаги бетон таянчларга 30 та қуёш батареялари ўрнатилади.
Бугунгача маҳалла ҳудудидаги узоқ йиллардан буён аҳоли ва транспорт қатновига қийинчиликлар туғдириб келган “Бўстон-2”, “Боғу-бўстон”, “Янги ҳаёт”, “Мустақиллик” ва “Янгиобод” кўчаларининг 1.8 километри асфальтлаштирилди. Бундан албатта, аҳоли миннатдор бўлмоқда. Шунингдек, фуқароларнинг томорқаларига бориб туташадиган сув йўлларини равонлаштириш мақсадида тўртта кўчага 3.1 километр бетон ариқлар ётқизилди.
- Маълумки, бизда бошқа давлатларга ўхшамаган ҳолда ҳоким ёрдамчиси деган алоҳида институт фаолият олиб боряпти, - деди Риштон туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Бобожон Иброҳимов, - Бу соҳа ходимлари Президент ва ҳукумат томонидан чиқарилган Фармон, қарорлар ижросини амалда бажариш мақсадида маҳалла кесимида ижтимоий-иқтисодий комплексни ривожлантиришда самарали фаолият олиб боришмоқда.
Меҳнатобод Бағдод-Олтиариқ катта магистрал йўлининг шундоқ биқинида жойлашгани инобатга олиниб фаоллар, тадбиркорлар иштирокида “Йўл бўйи” дастури ишлаб чиқилди. Унга кўра йўл бўйида бошқа жойларда бўлгани каби камида 20 дан ортиқ кўчма савдо дўконлари ташкил қилинади. Тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритишлари учун барча шароит ва имкониятлар яратилади. Ҳозиргача бу ҳудудлар алоҳида лотларга ажратилиб, сотилиши йўлга қўйилган. Бугунгача онлайн аукцион савдо орқали 12 тадан ортиғи сотилди. Қолган ҳудудлар ҳам сотиб бўлингач, тунги кўча чироқлари ўрнатилиб, тротуарлар ташкилланади. Тадбиркорлар учун кўчма савдо дўконлари орқали ижара ҳуқуқи ва архитектура лойиҳаси асосида енгил конструкцияли расталар ташкил қилинади. Асосийси янги иш ўринлари яратилади ва шу орқали аҳоли қўшимча даромадга эга бўла бошлайди.
Кўп йиллардан буён тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келган Аброржон Пўлатов “Аброржон” МЧЖ очиб, 500 тонна сиғимга эга музлаткич қурди. Қисқа вақт ичида қишлоқда истиқомат қилувчи фуқаролар томонидан ва ҳатто қўшни вилоят, туманларда етиштирилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ҳам олиб келиниб, келгусида экспорт қилиш мақсадида ушбу музлаткичга жойлаштириляпти. Бундан ташқари Аброржон ташкил қилган чойхона ва мазали таомлар ошхонаси кеча-ю кундуз гавжум. Унинг хизматидан хўрандалар хурсанд.
Қишлоқ асосан чорвачилик ва деҳқончиликка ихтисослашган. Яқинда маҳалла фаоллари томонидан ўтказилган ўрганишлар натижасида томорқаларда зах сув кўтарилиб, деҳқончиликка катта зарар етказаётгани аниқланди. Мутахассислар ва тажрибали деҳқонлар билан маслаҳатлашиб, зах сувни қочириш чораси кўрилиб, 4 км масофада зовур казланди. Шу орқали сув йўллари равонлаштирилиб, ерлар созлаб олинди.
-Замон кундан-кунга тараққий этиб бораётганини инобатга олсак айни кунларда сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш режаси тузиляпти, - деди “Меҳнатобод” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Нуриддин Ҳамидов. - Шу орқали ночор оилаларни “Камбағалликдан - фаровонлик сари” дастурига асосан босқичма-босқич ва тўлиқ даромадга киритишнинг амалий чоралари кўриляпти. Қачонки мазкур режамиз амалга ошса, кутилган натижани берса бу иш услубимизни кейинчалик бошқа ҳудудларда ҳам тарғиб қилиш ниятимиз бор.
Қисқа вақт ичида кам таъминланган 6 та оиланинг даромадини ошириш, турмушини яхшилаш мақсадида хонадонларда янги иссиқхоналар қурилди. 4 та хонадондаги иссиқхона қайта таъмирланди. Бугунги кунда бу хонадонларнинг соҳиб-соҳибалари томорқаларида ўзлари етиштирган маҳсулотлари билан бозорларда серобгарчилик бўлишига ҳамда оила бюджетига салмоқли ҳисса қўшишмоқда. Олаётган даромадлари ҳисобига оилалар камбағаллик реестридан чиқиш арафасида турибди.
Маҳаллада ижтимоий реестрда турувчи 130 тага яқин оила билан индивидуал ишланяпти. Натижада бевосита иш билан банд бўлмаган фуқаролар рўйхати қайта шакллантирилди. Эндиликда қайси оилага қанча имтиёзли кредитлар ёки субсидиялар ажратилишига бевосита амалий ёрдам бериш чоралари кўрилмоқда. Шу орқали улар камбағалликдан чиқариляпти, Президент томонидан олдимизга қўйилган топшириқларни амалга бажаряпмиз.
Акмалжон Холматов тажрибали томорқачи. Унинг темир йўл ҳудудидаги ерига 50 млн сўмга 8 сотихли иссиқхона қуриб берилди. Ўтган ойлар ичида Акмалжон деҳқончилиги туфайли банкдан олган кредитининг катта қисмини қоплаб бўлди. Ҳозирда ушбу иссиқхонада кузги бодринг бор, бозори чаққон.
Маҳаллада яна бир муҳим ҳаракат бошланган. “Омбор” китоби лойиҳаси шакллантириляпти. Яъни қайтадан хатлов бўляпти. Бу олдинги қилинган хатловлардан мутлақо фарқли ўлароқ амалга ошириляпти. Ишсиз фуқаро ва эҳтиёжманд оилалар билан алоҳида ишланиб, уларни 3 ойда камбағалликдан ҳоли ҳудудга айлантириш чоралари кўрилмоқда.
“Бир кўча - бир маҳсулот” дастурига асосан эса 400 метр масофадаги “Янги Ўзбекистон” кўчасига Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидан 1.5 минг туп узумнинг кишмиш нави олиб келиб экилди. Валиши йўқларга амалий ёрдам бериляпти. Йўлнинг икки четига бетон ариқлар ўрнатилди.
Меҳнатобод йил якунигача камбағалликдан чиқарилади.
Зайлобиддин Йигиталиев, журналист.
