РИШТОНДА ЁШЛАР ВАТАНПАРВАРЛИК РУҲИДА ТАРБИЯЛАНМОҚДА
2026-10-15 13:25:00 / Янгиликлар

Риштон туманида Ёшлар куни муносабати билан ёш авлодни ватанпарварлик, фидойилик ва юксак масъулият руҳида тарбиялашга қаратилган қатор тадбирлар ташкил этилди.
Жумладан, 20-сонли умумтаълим мактаби қошида ташкил этилган «Жасорат» синфи ўқувчиларининг тантанали ваъда бериш маросими ҳамда «Ватан таянчи» отряди аъзоларининг тантанали ваъда бериш тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирларда туман ҳокими, туман прокурори, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи, Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, Мудофаа ишлари бўлими раҳбари, Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи, ўқувчиларнинг ота-оналари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Маросимлар давомида «Жасорат» синфларининг асосий вазифалари, ёшларни Ватанга садоқат, интизом, фидойилик ва масъулият руҳида тарбиялашнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди. Туман ҳокими ўз нутқида ёш авлоднинг билимли, жасур, ташаббускор ва юрт тақдирига бефарқ бўлмаган инсонлар бўлиб вояга етиши муҳимлигини қайд этди.
Тантанали маросимларнинг асосий қисмида «Жасорат» синфи ўқувчилари ҳамда «Ватан таянчи» отряди аъзолари ваъда бердилар. Шунингдек, «Ватан таянчи» отряди аъзоларига кўкрак нишонлари ва гувоҳномалар топширилди.
Мазкур тадбирлар ёшларнинг қалбида Ватанга муҳаббат, миллий қадриятларга ҳурмат, юрт тинчлиги ва равнақи учун масъулият туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ватанга садоқат — юксак шараф, унинг равнақи учун хизмат қилиш эса муқаддас бурчдир.








