РИШТОН ВА МАЙЗУРУ: ДЎСТЛИК, ТИНЧЛИК ВА ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК САРИ
2026-10-12 14:45:00 / Янгиликлар

Япония давлатида давом этаётган расмий ташриф доирасида Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқов бошчилигидаги делегация Майзуру шаҳрида қатор тадбирларда иштирок этди.
Делегация аъзолари шаҳарда ташкил этилган Дўстлик ва тинчлик тадбирида қатнашиб, халқлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, тинчлик ва ҳамкорликнинг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратдилар.
Ташриф давомида делегация Майзуру шаҳридаги биродар шаҳарлар музейи фаолияти билан ҳам танишди. Музейда Риштон тумани учун алоҳида жой ажратилгани икки ҳудуд ўртасидаги дўстона муносабатлар ва маданий алоқаларнинг ўзига хос ифодаси ҳисобланади.
Шунингдек, делегация аъзолари Япониянинг ҳарбий денгиз техникаси билан таништирилди. Жумладан, вертолётларнинг учиши ва қўниши учун мўлжалланган ҳарбий кема намойиш этилди. Ташриф давомида мазкур техника ва унинг имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Мазкур ташриф Риштон тумани ва Майзуру шаҳри ўртасидаги биродарлик алоқаларини мустаҳкамлаш, маданий меросни тарғиб этиш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш учун муҳим имконият яратмоқда.
Дўстлик, тинчлик ва ўзаро ҳурматга асосланган ҳамкорлик халқларни яқинлаштириб, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.









