Адвокатнинг иқтисодий судда иштирок этиши: ишончнома қачон талаб қилинади?
2026-09-25 09:45:00 / Янгиликлар
Бугунги кунда жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд орқали самарали ҳимоя қилишда адвокатларнинг ўрни муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, иқтисодий низоларнинг ҳуқуқий жиҳатдан мураккаблиги малакали юридик ёрдамга бўлган эҳтиёжни оширмоқда.
Адвокат — олий юридик маълумотга эга бўлган, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган ҳамда адвокат мақомига эга шахсдир. У жисмоний ва юридик шахсларга малакали юридик ёрдам кўрсатади, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қонунда назарда тутилган восита ва усуллар орқали ҳимоя қилади.
Иқтисодий процессуал қонунчиликка кўра, ишда иштирок этувчи шахслар ўз ишларини иқтисодий судда шахсан ёки вакил орқали юритишлари мумкин.
Амалиётда айрим ҳолларда адвокатнинг судда иштирок этиши учун адвокатлик гувоҳномаси ва ордеридан ташқари албатта ишончнома ҳам талаб қилиниши ҳақида турли фикрлар учрайди. Бироқ адвокатнинг суд ишида иштирок этиши ва унинг муайян махсус процессуал ваколатларни амалга ошириши ўртасида фарқ мавжуд.
Адвокат юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида ва адвокатлик гувоҳномаси ҳамда адвокатлар тузилмаси томонидан берилган ордерни тақдим этиш орқали ишда иштирок этиши мумкин. Бу ҳужжатлар адвокатга ишонч билдирувчининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилиш имконини беради.
Шу билан бирга, даъводан воз кечиш, даъвони тан олиш, келишув битимини тузиш, ваколатларни бошқа шахсга ўтказиш, суд ҳужжатидан шикоят қилиш, ижро ҳужжатини ундиришга топшириш каби қонунчиликда махсус ваколат сифатида назарда тутилган айрим процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун ушбу ваколатлар ишончномада алоҳида кўрсатилган бўлиши талаб этилади.
Демак, иқтисодий судда адвокатнинг иштирок этиши учун ҳар доим ҳам ишончнома талаб қилинмайди. Адвокат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида ишда иштирок этиб, ишонч билдирувчининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин. Аммо қонун махсус ваколатлар билан боғлиқ процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун алоҳида ваколат берилганлигини талаб этган ҳолларда, бундай ваколатлар ишончномада аниқ кўрсатилган бўлиши лозим.
Қисқача айтганда, адвокатнинг иқтисодий судда иштирок этиши учун адвокатлик мақомини тасдиқловчи ҳужжатлар ва ордер асосий аҳамиятга эга, ишончнома эса адвокатга қонунчиликда назарда тутилган махсус процессуал ваколатларни бериш зарур бўлган ҳолларда расмийлаштирилади.
Фарғона туманлараро
иқтисодий суди судьяси Ш.Зайниев
