Ташқи иқтисодий фаолият: пули келмаган экспортёрга тўрт ойлик йўлак
2026-09-24 08:30:00 / Янгиликлар

Товар кетган, валюта келмаган, жарима эса ўсиб бормоқда. ПФ-176-сонли Фармон шу вазиятдан чиқиш учун 2027 йил 1 январга қадар амал қиладиган бир марталик акция эълон қилди.
Экспорт билан шуғулланган ҳар бир тадбиркор бу ҳолатни билади: маҳсулот жўнатилган, божхона ҳужжатлари расмийлаштирилган, аммо хорижий харидор тўловни ўз вақтида амалга оширмаган. Натижада корхона икки томонлама зарар кўради — бир томондан пулини ололмайди, иккинчи томондан активларни репатриация қилинишини таъминламагани учун жавобгарликка тортилади.
Сўнгги йилларда бу муаммо кескинлашди: жаҳон бозорларидаги ноаниқликлар, ташқи тўловлар ва банк ҳисоб-китобларидаги чекловлар кўп ҳолларда экспортёрнинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда пул тушишига тўсқинлик қилди. 2026 йил 27 августда имзоланган ПФ-176-сонли Фармон ана шу тугунни ечишга қаратилган.
Акция нимани ҳал қилади
Фармон билан 2027 йил 1 январга қадар бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди. Унга кўра, тадбиркорлик субъектларига экспорт операциялари бўйича активларнинг репатриацияси таъминланмагани сабабли юзага келган муддати ўтган дебитор қарздорликни ўз маблағлари ҳисобидан сўндиришга рухсат берилади.
Буни қарзни кечириш деб тушунмаслик керак. Акция — қарзни ёпишнинг қонуний йўли. У Фармон кучга киргунга қадар товар, иш ёки хизмат амалда экспорт қилинган, бироқ тўлов белгиланган муддатда келиб тушмаган ва «E-kontrakt» тизимида муддати ўтган сифатида қайд этилган қарздорликларга нисбатан қўлланилади. Устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар акция доирасидан ташқарида.
Механизм: касса орқали ҳисобвараққа
Тартиб соддалаштирилган. Нақд шаклдаги валюта маблағлари йўловчи божхона декларацияси ва ишончнома тақдим этилмасдан, хизмат кўрсатувчи банк кассалари орқали тадбиркорнинг ҳисобварағига киритилади. Маблағ кирим қилингач, икки натижа юзага келади: «E-kontrakt» тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлик суммаси киритилган маблағга мос равишда автоматик қисқаради, репатриацияни таъминламаганлик учун жариманинг ундирилмаган қисми эса шунга мутаносиб бекор қилинади.
Оддий қилиб айтганда, қарзнинг қанча қисми ёпилса, жариманинг ҳам шунча қисми ҳисобдан чиқади.
Лекин бу — валюта тушуми эмас
Фармонда бир жиҳат алоҳида таъкидланган ва уни эътибордан қочириб бўлмайди: бу тартибда киритилган маблағлар товарлар, ишлар ва хизматлар экспортидан келиб тушган валюта тушуми сифатида эътироф этилмайди ҳамда қўшилган қиймат солиғи бўйича ноль даражали ставка қўлланилишига асос бўлмайди.
Демак, механизмнинг мақсади аниқ чегараланган — у жавобгарликдан халос бўлиш ва ҳисоботни тартибга солиш воситаси, солиқ имтиёзини олиш йўли эмас. Шу боис акциядан фойдаланишдан аввал ҳар бир корхона ўз ҳолати бўйича солиқ оқибатларини ҳисоблаб кўриши лозим.
2027 йилдан: айб баҳоланадиган бўлади
Фармоннинг иккинчи қисми бир марталик эмас, доимий ўзгариш олиб келади. 2027 йил 1 январдан бошлаб учта ҳолатнинг ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлса, репатриацияни таъминламаганлик учун жарима миқдори суд томонидан икки баравар камайтирилади.
Биринчиси — резидент виждонан ҳаракат қилиб, ўзига боғлиқ барча чораларни, шу жумладан суд, арбитраж ёки бошқа мажбурий ундирув воситалари орқали ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўрган бўлса.
Иккинчиси — активларнинг 50 фоиздан ортиқ қисми репатриация қилинган бўлса.
Учинчиси — хорижий ҳамкор жойлашган ёки тўлов амалга ошириладиган давлатда ҳаммага маълум халқаро санкциялар, банк ва тўлов тизимларидаги чекловлар ёхуд валюта операцияларига оид тақиқлар сабабли репатриация имконияти чекланган бўлса.
Бу — валюта қонунчилигидаги принципиал бурилиш. Илгари натижа муҳим эди: пул келмадими, жарима ёзилар эди. Энди тадбиркорнинг хатти-ҳаракатлари ҳам баҳоланади — барча чорани кўрган корхона беэътибор қарздор билан тенг жавоб бермайди.
Акциянинг муддати чекланган — 2027 йил 1 январь. «E-kontrakt» тизимида муддати ўтган дебитор қарздорлиги қайд этилган ҳар бир корхона ўз ҳисоботини бугунёқ кўриб чиқиб, хизмат кўрсатувчи банки билан биргаликда бу имкониятни баҳолаб кўргани маъқул. Тўрт ой — кўп муддат эмас.
© Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Фарғона вилояти шўъбаси етакчи инспекторлари Қодиралиев Муроджон Юсуфжонович, Маматов Султонхон Абдуғаниевич
