Ғоя учун — 5 миллиард сўм. Гарoвсиз!
2026-09-23 21:30:00 / Янгиликлар

Давлат биринчи марта стартапга венчур инвестор сифатида кирмоқда, гаров тополмаган корхоналар учун эса кафиллик улуши 75 фоизга кўтарилди. Президентнинг ПФ-175-сонли Фармони тадбиркорларни молиялаштиришнинг мутлақо янги харитасини чизиб берди.
Ўзбекистонда истиқболли ва инновацион ғоянинг тақдири кўпинча ягона аччиқ саволга тақалиб қолар эди: «Гаровинг борми?» Тижорат банклари учун янги ва таваккалчиликка асосланган ғоя молиявий актив ҳисобланмас, оқибатда ўнлаб салоҳиятли лойиҳалар бошланғич босқичдаёқ тўхтаб қоларди. 2026 йил 27 августдаги ПФ-175-сонли Фармон айнан ушбу эскирган тизимий тўсиқни бузишга уринади.
1. Ғоя учун гаров сўралмайди: «UzVC» ва 5 миллиардлик сармоя
2027–2030 йилларда «UzVC» миллий венчур фонди орқали «Келажак тадбиркори» дастурига старт берилади.
Саккизта устувор йўналишда — электротехника, машинасозлик, фармацевтика, кимё саноати, қурилиш материаллари, сув ва энергия тежовчи технологиялар, агротехнологиялар ҳамда аэрокосмос соҳасида очиқ танлов асосида 30 тагача истиқболли стартап танлаб олинади ва молиялаштирилади.
Лойиҳаларга «тартибга солиш қумдони» (regulatory sandbox) деб аталувчи махсус ҳуқуқий режим татбиқ этилади. Бу янги ва инновацион маҳсулотларнинг эскирган бюрократик талаблар сабабли бозорга чиқа олмай қолишининг олдини олади.
Молиялаштириш шартлари эса банк тизимидан тубдан фарқ қилади:
Ҳар бир лойиҳага 5 миллиард сўмгача маблағ 3 йил муддатга фоизсиз ва гаровсиз берилади.
Пул одатдаги кредит эмас, келгусида корхона улушига алмаштириладиган қарз ёки халқаро амалиётда кенг қўлланиладиган SAFE (Simple Agreement for Future Equity) шартномаси шаклида киритилади.
Давлат улуши 49 фоиздан ошмайди, таъсисчиларга эса ушбу улушни келгусида бозор қийматида қайтариб сотиб олиш ҳуқуқи берилади.
Муҳим детал: Бу — бир марта сарфланиб кетадиган субсидия эмас. Улушларни сотишдан тушган маблағ Фонд ихтиёрида қолиб, янги стартапларни молиялаштиришга йўналтирилади. Яъни давлат шунчаки грант тарқатувчи эмас, балки муваффақиятдан манфаатдор профессионал инвестор ролида иштирок этади.
2. Хусусий инвесторга — солиқ калити («Бизнес-ангел» мақоми)
Венчур бозорини давлат пули ёлғиз ўзи шакллантира олмайди. Шу сабабли стартап экотизимининг ягона платформасида рўйхатдан ўтган лойиҳага ўз сармоясини киритган жисмоний шахсларга расман «Стартап инвестори» (Business Angel) мақоми берилади.
Мақомнинг амалий қиймати аниқ: улушларни сотишдан олинган даромадлар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан (ЖШДС) тўлиқ озод этилади. Шарт биттагина — киритилган улуш камида 3 йил давомида сақланиши керак. Бу рағбат тез фойда изловчига эмас, балки лойиҳа билан бирга узоқ муддатли ўсишга тайёр бўлган ҳақиқий инвесторларга берилмоқда.
3. Гаров тополмаган корхонага — 75 фоизлик кафиллик қалқони
«Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» орқали тўртта янги ва таъсирчан молиявий восита ишга тушмоқда:
Кафиллик: Кредит, банк кафолати, аккредитив ва лизинг бўйича 75 фоизгача кафиллик берилади.
Давлат харидлари: Шартномани бажариш ва аванс қайтариш учун 2,5 миллиард сўмгача кафолат тақдим этилади.
Имтиёзли кредит: Молиявий интизомли тадбиркорларга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит ажратилади.
Хизматлар ипотекаси: Давлат тасарруфидаги бўш турган бино ва иншоотларни сотиб олишга 15 миллиард сўмгача хизматлар ипотекаси жорий этилади.
Бундан ташқари, Компания муассислигида хусусий инвесторлар маблағини жалб қилувчи «Бизнес фонд» АЖ ҳамда микромолия ташкилотларини ресурс билан таъминловчи алоҳида тузилма ташкил этилади. Бу микрокредит бозорини сезиларли даражада кенгайтиради.
4. Меҳмонхоналарга — арзон ва узоқ муддатли ресурс
Туризм инфратузилмаси учун алоҳида компенсация механизми белгиланди:
Меҳмонхона қуришга 50 миллиард сўмгача, реконструкция ва жиҳозлашга 20 миллиард сўмгача (10 йил муддатгача) ажратилган кредитларнинг миллий валютада 16 фоиздан, хорижий валютада эса SOFR, EURIBOR ёки SHIBOR ставкаларидан ошган қисми Компания ҳисобидан қоплаб берилади.
2027 йил 1 январдан резидент туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига ҚҚСнинг ноль ставкаси қўлланилади.
5. Тежалган харажат ҳам — фойда
Фармон фақат пул бериш билан чекланмайди, у корхоналарнинг билвосита харажатларини ҳам қисқартиради:
Инфратузилма кафолати: Қиймати 200 миллиард сўмдан (Қорақалпоғистон ва Хоразмда 50 миллиард сўмдан) ошадиган лойиҳаларда ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини ўз ҳисобидан қурган тадбиркорнинг харажати Давлат бюджетидан қопланади.
Закалат автоматизацияси: Давлат харидларида закалат маблағлари 1 иш куни ичида автоматик қайтарилади.
Энергия харажати: 2026 йил 1 ноябрдан электр энергияси ва газ учун олдиндан тўланадиган ҳақ 15 фоиз этиб белгиланди (илгари юқорироқ эди), нақд тўловнинг чегаравий миқдори эса БҲМнинг 400 бараварига етказилди.
© Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Фарғона вилояти шўъбаси етакчи инспекторлари Қодиралиев Муроджон Юсуфжонович, Маматов Султонхон Абдуғаниевич
