Беларусь делегацияси Риштоннинг кулолчилик салоҳияти билан танишди
2026-09-23 16:25:00 / Янгиликлар

Фарғона вилоятида амалий ташриф билан бўлиб турган Беларусь Республикасининг Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко бошчилигидаги делегация Риштон туманида бўлиб, ҳудуднинг бой кулолчилик анъаналари, ҳунармандчилик салоҳияти ва замонавий ишлаб чиқариш имкониятлари билан яқиндан танишди.
Делегациянинг тумандаги илк манзили “Мингбоши Керамик” оилавий корхонаси ҳамда Кулолчилик музейи бўлди. Вилоят ҳокими ўринбосари Хуршиджон Аҳмедов ҳамроҳлигида меҳмонлар мажмуа ҳудудида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, замонавий бино ва иншоотлар, миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ҳамда миллий бозор фаолияти билан танишдилар.
Ташриф давомида меҳмонларга Риштон кулолчилик мактабининг кўп асрлик анъаналари, авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунармандчилик сирлари ҳамда бугунги кунда соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Музейда яратилган шароитлар, ўзига хос меъморий ечимлар ва миллий ҳунармандчилик намуналари делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Ташрифнинг навбатдаги манзили тадбиркор Муҳайё Сатторова томонидан ташкил этилган “MM Porcelain” МЧЖ шаклидаги оилавий корхона бўлди.
Меҳмонлар корхонада ишлаб чиқарилаётган чинни маҳсулотларини тайёрлаш, безаш ва қўлда ишлов бериш жараёнларини бевосита кузатдилар. Айниқса, маҳаллий усталарнинг ҳар бир маҳсулотга ўзига хос дид, нозик нафосат ва юксак маҳорат билан ишлов бераётгани Беларусь делегацияси вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Корхонадаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишган меҳмонлар риштонлик кулол ва усталарнинг касбий маҳоратини юқори баҳолаб, анъанавий ҳунармандчиликни замонавий ишлаб чиқариш билан уйғунлаштириш тажрибасига эътибор қаратдилар.
Беларусь делегациясининг Риштон туманидаги сўнгги манзили “Халқаро кулолчилик маркази” бўлди. Бу ерда меҳмонлар марказда яратилган шароитлар, Риштон кулолчилик мактабининг тарихи ва ўзига хос услуби, замонавий ишлаб чиқариш имкониятлари ҳамда уста кулоллар томонидан яратилаётган ноёб ҳунармандчилик намуналари билан танишдилар.
Шунингдек, ташриф давомида Минск шаҳрида Риштон кулолчилик маркази ва савдо дўконини ташкил этиш масалалари юзасидан музокаралар олиб борилди. Мазкур ташаббус орқали риштонлик ҳунармандларнинг маҳсулотларини Беларусь бозорида намойиш этиш ва сотиш, шунингдек, икки ҳудуд ўртасидаги маданий ва савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ташриф якунида кулолчилик ва ҳунармандчилик соҳасида тажриба алмашиш, Риштон маҳсулотларини Беларусда тарғиб қилиш, савдо алоқаларини кенгайтириш ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Риштоннинг қадимий кулолчилик анъаналари, маҳаллий усталарнинг маҳорати ва замонавий ишлаб чиқариш имкониятлари икки ҳудуд ўртасидаги ҳамкорлик учун янги йўналишларни шакллантиришга хизмат қилиши таъкидланди.









