Биринчи қўнғироқ — янги орзулар сари илк қадам!
2026-09-02 10:00:00 / Янгиликлар

Бугун Риштон туманидаги барча таълим масканларида 2026/2027-ўқув йилининг илк қўнғироғи жаранглади. Мактаблар ўқувчилар, устозлар ва ота-оналарнинг қувончи билан тўлди.
🎒 Айниқса, минглаб жажжи ўғил-қизлар учун бугун ҳаётларидаги унутилмас кун — улар мактаб остонасига илк бор қадам қўйиб, катта билим ва орзулар оламига йўл олдилар.
🏫 Риштон тумани ҳокими Баҳодир Холиқов “Зоҳидон” маҳалласида янги ўқув йили арафасида янгидан бунёд этилган 3-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди.
🎤 Тантанали тадбирда туман ҳокими ўқувчилар, устоз-мураббийлар ва ота-оналарни янги ўқув йили билан самимий муборакбод этиб, мамлакатимизда таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган имкониятлар ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
🎁 Янги мактаб остонасига илк бор қадам қўйган жажжи 1-синф ўқувчиларига Президент совғалари топширилди. Уларнинг қувончи, беғубор табассуми ва ҳаяжони байрамга ўзгача файз бағишлади.
🌟 Тадбирда битирувчи синф ўқувчилари ҳам иштирок этиб, келажакдаги эзгу мақсад ва орзулари билан ўртоқлашдилар.
🔔 Ниҳоят, узоқ кутилган лаҳза — биринчи қўнғироқ жаранглади! Унинг садоси янги билимлар, катта орзулар ва улкан марралар сари бошланган янги йўлнинг рамзига айланди.
📚 Дастлабки дарсларда ўқувчилар Мустақилликнинг қадр-қиммати, Ватанга садоқат ва фидойилик ҳақида ўз фикрларини билдирдилар. Туман ҳокими эса ёшларнинг орзу-интилишларини тинглаб, уларга ҳаётий тажрибаларидан келиб чиқиб маслаҳатлар берди.
❤️ “Яхши ўқинг, изланинг, катта мақсадлар қўйинг. Сизларнинг бугунги билимингиз — эртанги Риштон ва Янги Ўзбекистон тараққиётининг пойдеворидир”, деган эзгу тилаклар билдирилди.
✨ Янги ўқув йили муборак бўлсин! Биринчи қўнғироқ садолари ҳар бир ўқувчини билим, ютуқ ва буюк орзулар сари бошлаб борсин!









