Риштон тумани ҳокими Баҳодиржон Холиқовнинг 26-июн Халқаро гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш куни муносабати билан туман аҳолиси ва ёшларга мурожаати
2026-06-20 11:55:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳурматли туманимиз аҳли, азиз ёшлар ва муҳтарам ота-оналар!
Бугунги глобаллашув даврида инсоният олдида турган энг хавфли иллатлардан бири — бу гиёҳвандлик балосидир. Ушбу мудҳиш иллат нафақат инсон саломатлигини издан чиқаради, балки оилалар парокандалиги, жиноятчиликнинг ортиши, маънавий қадриятларнинг емирилиши ҳамда жамият тараққиётига жиддий хавф туғдиради.
Айниқса, ёшлар орасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олиш бугунги куннинг энг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Негаки, ёш авлод — Янги Ўзбекистоннинг таянчи, халқимизнинг эртанги куни ва миллатимиз келажагидир. Уларнинг соғлом, билимли ва ватанпарвар бўлиб вояга етиши ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Ҳурматли юртдошлар!
Гиёҳвандлик инсонни аста-секин ўз домига тортади. Дастлаб оддий қизиқиш ёки нотўғри муҳит сабаб бошланган бу йўл охир-оқибат инсоннинг соғлиғи, обрўси, оиласи ва келажагини барбод қилади. Энг ачинарлиси, бу иллат ёшларнинг орзу-мақсадларини чилпарчин этиб, уларни жамиятдан узоқлаштиради.
Бугунги кунда давлатимиз томонидан гиёҳвандликка қарши курашиш, ёшларни зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Тумандаги таълим муассасалари, маҳаллалар, спорт масканлари ва маданият марказларида ёшларни илм-фан, спорт ва касб-ҳунарга жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бироқ бу борадаги масъулият фақат давлат идоралари зиммасида эмас. Аввало, ота-оналар фарзандининг кимлар билан дўстлашаётгани, қандай муҳитда вояга етаётгани ва бўш вақтини қандай ўтказаётганига бефарқ бўлмаслиги керак. Оиладаги меҳр, эътибор ва соғлом тарбия фарзандни ҳар қандай ёмон йўлдан асрайдиган энг катта кучдир.
Азиз ёшлар!
Сизларни ҳаётда улкан марралар кутмоқда. Сизнинг билим олишингиз, касб эгаллашингиз, спорт билан шуғулланишингиз ва эзгу мақсадлар сари интилишингиз — нафақат оилангиз, балки бутун юртимиз равнақи учун муҳимдир. Гиёҳвандлик эса инсоннинг энг катта душмани бўлиб, унинг келажагини зулмат сари етаклайди. Ҳеч қачон бир лаҳзалик қизиқиш ёки нотўғри давра туфайли тақдирингизни хавф остига қўйманг.
Ҳурматли фуқаролар!
Маҳаллаларимизда соғлом маънавий муҳитни шакллантириш, ёшларни зарарли иллатлардан асраш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш барчамизнинг умумий вазифамиздир. Агар атрофингизда гиёҳвандлик билан боғлиқ ноқонуний ҳолатларга дуч келсангиз, бефарқ бўлманг. Бу ҳақда тегишли ташкилотларга хабар бериш орқали сиз нафақат бир инсонни, балки бутун бир оилани фожиадан сақлаб қолишингиз мумкин.
Бугун ҳар биримиз бирлашиб, гиёҳвандликка қарши қатъий кураш олиб борсакгина соғлом ва баркамол авлодни тарбиялай оламиз. Зеро, халқимизнинг тинчлиги, ёшларимизнинг бахтли келажаги ва юртимиз равнақи барчамизнинг ҳамжиҳатлигимизга боғлиқ.
Келинг, фарзандларимизни соғлом, билимли, ватанпарвар ва маънавий етук инсонлар этиб тарбиялайлик. Гиёҳвандликка қарши курашишда бир ёқадан бош чиқариб, жамиятимизни ушбу хавфли иллатдан асрайлик!
Зеро, соғлом авлод — миллат таянчи, юрт келажаги ва халқимизнинг энг катта бойлигидир.
Ҳурмат билан,
Баҳодиржон Холиқов
Риштон тумани ҳокими
