Риштонда жаҳон ва Олимпиада чемпиони номидаги замонавий бокс мажмуаси фойдаланишга топширилди
2026-06-18 15:25:00 / Янгиликлар

🏆 Риштон спорт мактабида уч карра жаҳон ва Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев номидаги замонавий бокс мажмуаси ҳамда ёшлар учун бокс тўгараги фаолияти йўлга қўйилди.
Мазкур спорт маскани ёш боксчилар учун барча замонавий талабларга жавоб берадиган шароитлар билан таъминланган бўлиб, эндиликда туман ёшларининг спорт билан мунтазам шуғулланиши, ўз иқтидорини намоён этиши ва катта спорт сари дадил қадам ташлаши учун кенг имкониятлар яратади.
🎉 Очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов, туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов, сектор раҳбарлари, нуронийлар, спорт фахрийлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оммавий спортни ривожлантириш ва спорт инфратузилмасини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этдилар.
🥇 Таъкидланганидек, ушбу замонавий мажмуа келажакда янги чемпионлар камол топадиган масканга айланади. Эҳтимол, айнан шу ерда машғулот бошлаган ёшлар орасидан юртимиз байроғини халқаро ареналарда баланд кўтарадиган янги Асадхўжалар етишиб чиқади.
💪 Янги спорт мажмуаси — ёшлар учун янги имкониятлар, янги марралар ва янги ғалабалар сари муҳим қадамдир.









