РИШТОНДА ЁШЛАР УЧУН ЯНГИ СПОРТ МАСКАНИ ОЧИЛДИ
2026-06-11 15:05:00 / Янгиликлар

Мазкур ҳудуддаги 17-мактабда Ташаббусли бюджет лойиҳаси доирасида барпо этилган замонавий спорт залининг тантанали очилиш маросими ташкил этилди.
Унда туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов ҳамда бошқа масъул раҳбарлар иштирок этдилар.
Тадбирда маҳалла нуронийлари, ёшлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашиб, янги спорт иншоотининг очилишига гувоҳ бўлдилар.
Очилиш маросимида сўзга чиққан туман ҳокими ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ташаббусли бюджет лойиҳалари орқали аҳоли эҳтиёжларини қондириш борасида олиб борилаётган ишлар алоҳида таъкидланди.
Янги спорт маскани келгусида ёшларнинг жисмоний фаоллигини ошириш, уларни спортга кенг жалб этиш, иқтидорли спортчиларни кашф этиш ҳамда маҳаллада соғлом муҳитни мустаҳкамлашга хизмат қилади.




