📌 Қаҳрамон хотирасига эҳтиром — Риштондаги унутилмас ташриф
2026-04-30 17:05:00 / Янгиликлар

Ташриф дастурига мувофиқ делегация аъзолари Иккинчи жаҳон уруши Қаҳрамони Мамадали Топволдиев номи билан ташкил этилган музейда бўлиб, қаҳрамоннинг оила аъзолари ва жамоатчилик вакиллари билан учрашдилар. Дастлаб Зоҳидон МФЙ ҳудудида жойлашган қаҳрамон бюстига гулчамбар қўйилиб, унинг хотирасига эҳтиром бажо келтирилди.
Шундан сўнг меҳмонлар Мамадали Топиволдиев мемориал музейида бўлиб, қаҳрамоннинг бой ҳаёт йўли ва тарихий жасоратлари билан яқиндан танишдилар. Уchrашувлар давомида риштонлик партизан-қаҳрамон, “Казбек” лақаби билан танилган М. Топиволдиевнинг Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати, Беларусь ўрмонларида партизанлар ҳаракатига раҳбарлик қилгани, душман ортида олиб борган қўпорувчилик ва разведка фаолияти, шунингдек, урушдан кейинги йилларда халқ хўжалигини ривожлантиришдаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари қаҳрамон ҳамда унинг икки нафар беларуслик партизан сафдошлари қабрини ҳам зиёрат қилдилар. Қаҳрамонлар хотирасига эҳтиром бажо келтирилиб, уларнинг жасорати ва фидойилиги ёдга олинди.
Шунингдек, делегация Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамони номи берилган 27-умумтаълим мактабида ҳам бўлди. Тадбир давомида мактаб тарбияланувчилари томонидан қўшиқ ва рақслар ижро этилди, ўқувчилар саҳна чиқишлари намойиш қилинди. Тошкентдаги Беларусь маданий маркази бадиий ансамбли иштирокчилари чиқишлари эса тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Элчи ўз нутқида бугунги авлод аждодларимизнинг жасорати ва фидойилигини ҳеч қачон унутмаслигини, уларнинг қаҳрамонликлари билан фахрланиш, тарихдан тўғри хулоса чиқариш ҳамда ёшларни Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш муҳим эканини таъкидлади. Шунингдек, Мамадали Топиволдиевнинг жасорати нафақат ўзбекистонликлар, балки беларус халқи учун ҳам фахр эканини қайд этди.
Ташриф якунида Беларусь элчиси томонидан музейга эсдалик совғалари топширилди. Делегация аъзоларига ташриф давомида туман ҳокими ҳамроҳлик қилди.
✨ Мазкур ташриф халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, тарихий хотирани асраб-авайлаш ва ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этади.









