Замонавий спорт мажмуаси — соғлом авлод пойдевори
2026-04-17 13:50:00 / Янгиликлар

Шу эзгу мақсадлар йўлида бугун Риштон туманида яна бир муҳим ижтимоий объект — замонавий спорт залининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маскан нафақат спорт билан шуғулланиш, балки ёшларнинг жисмонан ва маънан баркамол бўлиб вояга етишида муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
Тантанали тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Шерзоджон Полвонов, туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов, вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Нодирбек Ҳакимов, туман раҳбарлари, маҳалла фаоллари, спорт мураббийлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда кўплаб ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида сўзга чиққанлар мамлакатимизда спорт соҳасига қаратилаётган эътибор, яратилаётган шароитлар ва имкониятлар ёшлар келажагини таъминлашда муҳим омил эканини алоҳида таъкидладилар.
Қайд этилганидек, ушбу замонавий спорт мажмуаси нафақат профессионал спортчиларни тайёрлаш, балки кенг аҳоли қатламини спортга жалб этиш, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштириш, уларнинг иродасини мустаҳкамлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим маскан бўлиб хизмат қилади.
Мазкур спорт иншоотининг фойдаланишга топширилиши натижасида юзлаб ўғил-қизлар футбол, волейбол, баскетбол каби оммавий спорт турлари билан мунтазам шуғулланиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, спорт залида турли мусобақалар, турнирлар, спорт байрамлари ҳамда маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш учун барча зарур шароитлар яратилган.
Эътиборлиси, мазкур спорт мажмуаси Республика бюджети ҳисобидан 6,5 миллиард сўм маблағ эвазига бунёд этилди. Бу эса давлатимиз томонидан спорт инфратузилмасини ривожлантириш, ёшлар учун замонавий шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишларнинг амалий ифодасидир.
Бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган “Ёшлар — келажагимиз пойдевори” тамойили доирасидаги ислоҳотлар ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Риштон туманида фойдаланишга топширилган ушбу спорт зали ҳам ана шу эзгу сиёсатнинг яна бир ёрқин намунаси бўлиб, келажак авлоднинг соғлом, баркамол ва ҳар томонлама ривожланган инсонлар бўлиб етишишига хизмат қилади.
Шубҳасиз, бундай замонавий спорт масканлари нафақат ёшлар, балки бутун жамият саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади.









