Аёллар ва болалар ҳуқуқлари – давлат ва жамият ҳимоясида
2026-04-16 08:25:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, айниқса, хотин-қизлар ва болалар манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Фармони жамиятда йиллар давомида тўпланиб қолган оғриқли нуқталарга ҳуқуқий ечим сифатида намоён бўлди. Ушбу ҳужжат билан киритилаётган ўзгаришлар нафақат жазонинг муқаррарлигини таъминлайди, балки зўравонликни келтириб чиқарувчи сабабларни таг-туги билан йўқ қилишга қаратилган. Фармон бу борадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқди.
Мазкур ҳужжат жамиятда “зўравонликка тоқатсизлик” муҳитини шакллантиришга қаратилган. Илгари кўп ҳолларда “оилавий сир” сифатида ёпиб келинган тазйиқ ҳолатлари эндиликда нафақат маънавий масала, балки қатъий ҳуқуқий жавобгарлик объектига айланди.
Фармон билан тизимда бир қатор муҳим ташкилий-ҳуқуқий механизмлар жорий этилган бўлиб, бу билан аёллар ва болалар маъфаатини ҳимоя қилишни янада қатъийлаштиради.
Фармоннинг энг муҳим йўналишларидан бири — эрта никоҳларнинг олдини олишдир. Эндиликда, 2027 йилдан бошлаб, иккала томон ҳам камида 21 ёшга тўлганда илк бор никоҳ қурган ёш оилаларга давлат томонидан алоҳида имтиёзлар берилади. Уларга бериладиган субсидия ва грантлар миқдори 1,5 бараварга оширилади, Вояга етмаганлар билан никоҳ тузишга даъват этганлик ва тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахслар жарима суммасининг 15 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.
Фармон ижтимоий адолат тамойилини таъминлаш мақсадида ҳомиладор талаба-қизлар ва 3 ёшгача фарзанди бор оналарга катта енгиллик берди. Жумладан, Уларга ўқишни масофавий шаклда давом эттириш имкони яратилади, ўқишдан четлатилган ёки академик таътилга чиққан талабаларга таълимни давом эттириш учун “иккинчи имконият” берилади.
Технологиялар энди аёллар хавфсизлиги хизматида. Ушбу мақсадларда “SOS” чақирув хизмати жорий қилинади. Ҳимоя ордери берилган аёлларнинг телефонларига зудлик билан хабар бериш имконини берувчи «my.ihma.uz» мобил иловаси ўрнатилади.
Ички ишлар органларида “Oʻsmir-signal” модули ишга туширилиб, у орқали маҳалла, мактаб ва тиббиёт муассасалари эрта никоҳ ёки вояга етмаганлар ҳомиладорлиги ҳақида зудлик билан хабар беришлари мажбурий этиб белгиланди.
Фармонда жиноятчилар учун жазо чоралари кескинлаштирилди. Жумладан, вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этганлар ҳеч қачон манзил-колонияларга ўтказилмайди ва уларга нисбатан жазони енгиллаштириш амалиёти чекланади.
Шунингдек, Фармонда 14 ёшга тўлмаган шахсларнинг номусига теккан муқаддам судланган шахсларга нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилаш назарда тутилмоқда. 2027 йилдан бошлаб, аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик ишлари фақат махсус тайёргарликдан ўтган (асосан аёл) терговчи ва судьялар томонидан кўрилади.
Фармонда Давлат раҳбари халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишни белгилаб берди. Эндиликда фемицид (аёлни жинси сабабли ўлдириш), сталкинг (таъқиб қилиш), киберзўравонлик ва онлайн груминг (интернет орқали бола ишончига кириш) каби қилмишлар учун алоҳида жавобгарлик белгиланади.
Ушбу Фармон Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойилининг навбатдаги амалий ифодасидир. Бу нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига, балки бутун жамиятга — маҳалла еттилигидан тортиб оддий фуқароларгача зўравонликка қарши жипслашиш ваколатини беради. Зеро, аёл ва боланинг хавфсизлиги — миллатнинг келажаги ва хавфсизлиги демакдир.
Жамиятимиздаги ҳар бир фуқаро ушбу ҳуқуқий ислоҳотларнинг мазмунини чуқур англаши ва зўравонликка қарши муросасиз бўлиши бўлиши лозимдир.
М.Иброҳимова,
Фуқаролик ишлари бўйича Риштон
туманлараро суди судьяси.
