Давлат хавфсизлик хизмати раиси кубоги
2026-04-04 12:40:00 / Янгиликлар

Мазкур спорт тадбири тумандаги 68 та маҳалладаги 16–30 ёшли йигит-қизларни бирлаштирди. Иштирокчи жамоалар 4 та секторга бўлинган ҳолда ўзаро баҳс олиб бориб, ғолиблик учун курашмоқда.
Мусобақанинг очилиш ва қуръа ташлаш маросими кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Унда туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов, туман прокурори Рашидбек Меҳмонов, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Шавкатжон Мавлонов, “Нуроний” жамғармаси туман кенгаши раиси Турсунхўжа Абдураҳмонов ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари иштирок этиб, жамоаларга омад тиладилар.
Таъкидланганидек, мазкур мусобақа Президентимизнинг ёшлар сиёсатига доир қарорлари асосида ташкил этилган бўлиб, ёшларни спортга кенг жалб қилиш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш ҳамда соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади.
Шунингдек, бундай мусобақалар ёшлар ўртасида дўстлик, ҳамжиҳатлик ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Мусобақа якунида энг кучли жамоалар “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги”, дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади.
Дарҳақиқат, спорт — бу нафақат жисмоний чиниқиш, балки ёшлар тарбияси ва жамият саломатлигининг муҳим гаровидир.







