📝 Расмий муносабат
2026-03-31 17:00:00 / Туман янгиликлари
Ижтимоий тармоқларда тарқалган “Охирги 4 йилда Риштонда 96 та кулолчилик цехи ўз фаолиятини тўхтатган” мазмунидаги хабар юзасидан Риштон тумани ҳокимлиги ҳамда “Риштон тумангаз” газ таъминоти корхонаси қуйидагиларни маълум қилади.
Айни пайтда Риштон тумани “Навбаҳор” МФЙ ҳудудида жойлашган кичик саноат зонасида чинни маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор цехлар ўз фаолиятини изчил давом эттирмоқда. Ушбу ҳудудда ишлаб чиқариш жараёнлари барқарор йўлга қўйилган бўлиб, тадбиркорлар томонидан маҳаллий ва ташқи бозорлар учун маҳсулотлар тайёрланмоқда.
Шу билан бирга, айрим цехлар турли иқтисодий ва ташкилий омиллар таъсирида ўз фаолиятини тўхтатгани ҳам кузатилган. Хусусан, тадбиркорлик субъектлари учун табиий газ нархларининг ошиши айрим тадбиркорларни фаолият турини ўзгартиришга ундаган. Шунингдек, замонавий технологияларни жорий этиш имконияти чекланган айрим ишлаб чиқарувчилар ҳам фаолиятини тугатишга қарор қилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, туман ҳокимлиги томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ва имтиёзлар тақдим этиш бўйича тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, кичик саноат зоналарида инфратузилмани яхшилаш, ресурслар билан таъминлаш ва инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Келгусида ҳам туманда кулолчилик ва чинни маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш, мавжуд цехларни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича ишлар изчил давом эттирилади.
