ФУҚАРОЛИК СУД ИШЛАРИНИ ЮРИТИШДА ДАВЛАТ БОЖИ ВА ТЎЛОВ ТАРТИБИ
2026-03-31 16:35:00 / Янгиликлар
Фуқаролик суд ишларини юритишда даъвогар судга мурожаат қилиши билан боғлиқ харажатларнинг муҳим қисми давлат божи ҳисобланади. Давлат божи – бу ваколатли давлат органлари томонидан фуқаролик ишларини кўриш ёки юридик аҳамиятга молик бошқа ҳаракатларни амалга ошириш учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
Суд харажатларининг ушбу тури фуқаролик ишларини юритиш жараёнида давлат бюджети даромади сифатида шаклланади ва шу боис давлат божи тўғрисидаги қонун талабларига судлар томонидан қатъий риоя қилиниши зарур деб белгиланган. Давлат божи жисмоний ва юридик шахсларнинг судга мурожаат қилиш ҳуқуқини амалга оширишда муҳим омил бўлиб, унинг миқдори ва ундириш тартиби фуқароларнинг судга эркин мурожаат қилиш имкониятларига бевосита таъсир кўрсатади. Шу сабабли, давлат божи институтини тўғри тартибга солиш ҳамда амалиётда уни бир хилда қўллаш масаласи долзарбдир.
Фуқаролик суд ишларини юритишда “давлат божи” тушунчаси қонунчиликда аниқ таърифланган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ёки мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов экани белгиланган. Ушбу таърифга мувофиқ, давлат божи суд, нотариат, ФҲДЁ ва бошқа органлар томонидан кўрсатиладиган юридик аҳамиятга эга хизматлар учун ундириладиган йиғим сифатида намоён бўлади. Давлат божи ўз иқтисодий-маънавий моҳиятига кўра солиқ ёки божхона тўловларидан фарқ қилади, чунки у умумдавлат даромади сифатида бюджетга йўналтирилса-да, тўғридан-тўғри муайян ҳуқуқий хизмат кўрсатиш (масалан, судга даъво аризасини кўриб чиқиш) эвазига ундирилади.
Давлат божини ҳисоблаш механизмлари эса даъво талабининг хусусиятига (мулкий ёки номулкий тусда эканлигига), даъво баҳосига ва субъектнинг ҳуқуқий мақомига қараб фарқланади. Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилигига кўра, мулкий тусдаги (баҳоли) даъволар бўйича давлат божи даъво баҳосига нисбатан фоиз сифатида ҳисобланади, номулкий (баҳосиз) даъволар бўйича эса базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) маълум баравари миқдорида қатъий ставка белгиланади.
Жумладан, мулкий тусдаги даъволар – бу даъвогар томонидан маълум миқдордаги мол-мулк ёки пул маблағини ундириш, мулк ҳуқуқини эътироф этиш, ёки мол-мулкка эгаликни тиклашга қаратилган талаблар бўлиб, улар бўйича давлат божи даъво баҳосининг 4 фоизи миқдорида, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 бараваридан кам бўлмаган миқдорда тўланади.
Номулкий тусдаги талаблар учун БҲМнинг 2-баравари миқдорида давлат божи тўланиши лозим.
Фуқаролик суд ишларини юритишда давлат божи тўловини амалга оширишда рақамли технологиялар ва онлайн тўлов тизимларининг жорий этилиши Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг замонавий босқичдаги муҳим ютуғларидан биридир. Сўнгги йилларда суд тизимида “рақамлаштириш” жараёнлари доирасида фуқароларнинг қулайлиги учун ягона электрон тўлов платформаси – https://billing.sud.uz портали ишга туширилган. Мазкур портал Ўзбекистон Республикаси Олий судининг расмий биллинг тизими бўлиб, у орқали фуқаролар ва ташкилотлар давлат божи, почта харажатлари ҳамда судга мурожаат қилиш билан боғлиқ бошқа тўловларни онлайн тарзда, тўлиқ шаффоф ва хавфсиз усулда амалга оширишлари мумкин.
Бироқ, кейинги вақтларда фуқароларнинг судларга даъво ариза билан мурожаат қилишларида қонунда белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат (квитанция) илова қилинмагани натижасида судлар томонидан аризаларни қайтариш ҳолатлари учрамоқда.
Шу ўринда, рақамларга эътибор қаратсак, 2025 йилда судлар томонидан 4.721 та аризалар бўйича давлат божи тўланмагани натижасида аризалар қайтарилган.
Шунингдек, ишларни кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат даромадига 68 млрд.,035 млн. сўмдан зиёд давлат божи ундириш ҳақидаги 11.534 та ижро ҳужжатлари Мажбурий ижро бюроларига юборилган.
Хулоса қилиб айтганда, давлат божи – суд харажатларини қоплайди ва тартибни сақлайди.
Адолат тамойили устувор бўлган жамиятдагина фуқароларнинг суд тизимига ишончи ошади ва давлатнинг мажбурий йиғимлари ҳам ўзини оқлайди.
Улуғбек Орипов,
фуқаролик ишлари бўйича
Риштон туманлараро судининг раиси
