Асосий мақсадимиз - Никоҳ ва оила муносабатларини мустаҳкамлаш
2026-03-30 08:55:00 / Янгиликлар
Биз биламизки оила жамиятнинг бирламчи бўғини ҳисобланади. Шунга кўра, ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, оила фуқаролик жамиятининг таянч нуқтаси, барқарор ва тинч тузилмасидир. Чунки бу муқаддас даргоҳда нафақат инсон дунёга келади, балки у маънан ва аҳлоқан тарбия топади. Демак, оила жамиятнинг табиий ҳужайраси, ижтимоий асосидир. Оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва тез ривожланади. Зеро, жамият асоси-оиланинг моддий ва ижтимоий жиҳатдан мустаҳкамланиб бориши ғоят муҳим аҳамиятга эга.
Соғлом оила муҳитида шаклланган инсоф ва адолат туйғуси, иймон, ҳалоллик, хушхулқлилик ва бошқа инсоний фазилатлар шахс маънавий баркамоллигини намоён қилувчи сифатлардир.
Ғарб мамлакатларида демократия намунаси деб баҳоланиб, жаҳонга эскалацияси кучайиб бораётган бир жинсли никоҳнинг ғайриинсоний моҳиятини фош қилишнинг олдини олиш ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.
Диний манбаларда оиланинг моҳияти, жамият тараққиётидаги ўрни, ота ва оналар, фарзандларнинг бурчи ва масъулияти, оиладаги ахлоқ, одоб тарбиясининг теологик назарий-методологик асослари кўрсатилган. Айниқса, Қуръони карим, Ҳадисларнинг мустақиллик даврида ўзбек тилида нашр этилиши катта аҳамиятга эга бўлди. Демократия, фикр эркинлиги, эътиқодий бағрикенгликка катта эътибор берилаётган ҳозирги кунда оила муносабатларига асос бўлган умуминсоний – дунёвий ва диний қадриятлар зарурий ҳолга айланмоқда. Зеро, оила муносабатларини соф дунёвий ёки диний ҳодиса сифатида қараш уларни бир-бирига қарама қарши қўйиш масалага бир томонлама ёндашишдир.
Ўз олдига эркин ва демократик жамият қуриш эзгу ниятини қўйган мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга қаратилган барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, улар қонун билан кафотлатланган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси эса оилани мустаҳкамлаш, оналик, оталик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиш бўйича конституциявий нормаларга асосланган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 40-моддаси талабига кўра, никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар судда эр ёки хотиннинг аризасига биноан даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўрилади.
Никохдан ажратиш ҳақидаги ишни кўришда суд эр-хотинни яраштириш ва оилавий вазиятни соғломлаштириш чораларини кўришга мажбур.
Эр-хотинни яраштириш чораларини кўришда суд тарафларнинг ёки улардан бирининг илтимосига ёхуд ўз ташаббусига кўра ишнинг кўрилишини бошқа вақтга қолдиришга ва эр-хотинга ярашишлари учун Оила кодексининг 40-моддасида кўрсатилган доирада, яъни олти ойгача бўлган муҳлат белгилашга ҳақли.
Суд яраштириш учун берилган муддатда, эр-хотинни яраштириш мақсадида, ажрим нусхаларини улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғиниига муҳокама қилиш ва яраштириш учун юбориши лозим.
Охирги вақтларда жамиятимизда кўплаб аёлларни оилавий зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда. Оилавий зўравонлик деганда нафақат жисмоний зўравонликни, балки иқтисодий ва маънавий зўравонликни ҳам назарда тутиш лозим.
Айниқса жамиятимизда қонунсиз (шаръий) никоҳлар асосида яшаётган хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик қилиш ҳолатлари қўпроқ учрамоқда. Қонунсиз никоҳ асосида турмуш қурган хотин-қизларнинг оиладаги ҳуқуқлари бирмунча чекланган ҳолда бўлади. Бундай хотин-қизлар фарзандларига туғилганлик гувоҳномаларини олишда, уй-жойга бўлган бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, турмуш ўртоғининг мулкидан мерос олишда муаммоларга дуч келмоқдалар. Шу сабабли хотин-қизлар турмуш қуришда никоҳни қонуний расмийлаштиришлари ва никоҳ шартномасини тузишлари лозим бўлади.
Мазкур шартномани тузиш орқали эр-хотин ўзининг мулкий ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлайди. Никоҳ шартномасининг тузилиши никоҳ тугатилгандан кейин ҳам собиқ эр-хотинлар ўртасидаги мулкий муносабатларни тартибга солишда муҳимдир. Яъни, шартномада мулкий муносабатларга оид қоидаларнинг батафсил акс эттирилиши кейинчалик юзага келадиган мулк билан боғлиқ низолар, келишмовчиликларни судгача, тинч йўл билан ҳал этиш имкониятини яратиб, судлашиб юришнинг олди олинади.
Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ кўрилган ишлар бўйича тегишли туман (шаҳар) махалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги яраштириш комиссияларининг хулосалари олиш муҳим аҳамият касб этади.
Оилаларни мустаҳкамлаш борасида муҳтарам юртбошимизнинг қарорларига асосан 2024 йилнинг февраль ойидан бошлаб “Оила судьялари”нинг ташкил этилиши айни муддао бўлди.
Зеро Бизнинг асосий мақсадимиз оилаларни мустаҳкамлашга, уларда соғлом муҳитни вужудга келтиришга, янги ижтимоий-иқтисодий шароитларда хотин-қизларнинг манфаатларини қўриқлашга, вояга етмаган болаларни ҳимоялашга қаратилгандир.
Н.Эгамов
Фарғона вилоят суди судьяси
