Ёшлар куни муносабати билан меҳнат ярмаркаси ташкил этилди
2026-03-26 15:05:00 / Янгиликлар

Ярмаркада турли ташкилот ва корхоналар томонидан мавжуд бўш иш ўринлари тақдим этилиб, ёшлар учун ўз қизиқишлари ва мутахассисликларига мос иш топиш имконияти яратилди. Тадбир давомида ёшлар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиб, меҳнат шароитлари, иш ҳақи ва фаолият йўналишлари ҳақида батафсил маълумот олдилар.
Мазкур меҳнат ярмаркасида туман ҳокими Баҳодиржон Холиқов, туман прокурори Рашидбек Меҳмонов, туман ИИБ бошлиғи Шавкатжон Мавлонов ҳамда туман ДСИ бошлиғи Саидахон Нурматова иштирок этиб, ярмарка жараёнлари билан яқиндан танишдилар. Мутасаддилар ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг таклиф ва муаммоларини тингладилар ҳамда бандликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр билдирдилар.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни иш билан таъминлаш, касб-ҳунарга йўналтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу маънода, бундай меҳнат ярмаркалари ёшлар учун янги имкониятлар эшигини очиб, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этади.
Ярмарка якунида кўплаб ёшлар иш берувчилар билан дастлабки келишувларга эришиб, ўз келажаги сари муҳим қадам ташладилар. Бу эса бундай тадбирларнинг самарадорлигини яна бир бор намоён этди.









