Қувасойда Хитой инвестицияси: мебел ишлаб чиқариш лойиҳаси йўлга қўйилади
2025-09-19 10:15:00 / Янгиликлар
Шаҳар ҳокими Зафаржон Тўрақулов Хитойнинг “Zhong’an Materials Technology Co., Ltd.” компанияси вакиллари билан учрашув ўтказди. Мулоқот чоғида компания Қувасойда мебел ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш истагини билдирди.
Мазкур ташаббусни амалга ошириш учун Қўқон эркин иқтисодий зонаси Қувасой филиали ҳудудидан бўш ер майдонлари тавсия қилиниб, аукцион орқали тақдим этилди. Шунингдек, хитойлик инвесторлар томонидан “Zhong an jian zhu fa zhan” номли хорижий корхона давлат рўйхатидан ўтказилди.
Бугунги учрашувда аукцион жараёнлари ва ҳужжатларни расмийлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар қисқа муддат ичида қурилиш ишларини бошлаш ва корхонани тез фурсатда ишга тушириш бўйича келишувга эришди.
Ушбу лойиҳа Қувасой шаҳрида янги ишлаб чиқариш қувватларини яратиб, маҳаллий аҳолига қўшимча иш ўринлари тақдим этиши кутилмоқда.


