Қувасойлик мактаб ўқувчилари чемпион бўлишди
2025-08-22 11:05:00 / Янгиликлар
Беш кун давомида Қирғиз Республикасининг Иссиқкўл вилоятида спортнинг футбол тури бўйича халқаро турнир ўтказилди.
Унда мезбон давлат вакиллари билан бирга Қозоғистон, Тожикистон Республикаси ва мамлакатимиз футболчилари иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб боришди.
Вилоятимиз шарафини муносиб ҳимоя этган қувасойлик ўқувчилар чиройли комбинацион ўйинларни намойиш қилиб, кучли зарбалари ва ўзига хос тактикаларни амалда қўллаган ҳолда майдондаги ҳаракатлари билан мухлислар ҳамда мутахассисларда катта таассурот қолдиришди.

10–12 ёшли футболчилар ўртасида ўтказилган учрашувнинг финал баҳсида қувасойлик ўқувчилар Қирғиз Республикасининг “Алай” жамоаси билан беллашиб, 4:3 ҳисоби билан ғалаба қозонишди ва Янги Ўзбекистон ёшларининг юқори имкониятларини амалда кўрсатишди.
Маълумот учун, Қувасой шаҳридаги 1-, 2-, 3-, 10-, 12-, 13-, 15- ва 19-мактаб ўқувчилари мазкур мусобақада муносиб иштирок этдилар.







