Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати қўмитаси раиси Қувасой шаҳрида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
2025-08-12 10:10:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси Орзиғул Қозихонова Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қувасой шаҳрида бир қатор учрашувлар ва ўрганиш ишларини олиб борди.
Ташриф давомида, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Д. Мехмонова ташаббуси билан Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг 9-сессиясида илгари сурилган, шаҳардиги 31 та маҳаллада хавфсиз муҳит яратиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини оширишга қаратилган “Долзарб 60 кунлик” тадбирлари ижроси ҳолати ўрганилди.
Шу билан бирга, қўмита раиси “Арсиф” маҳалласида жойлашган марказ фаолиятини кўздан кечирди. Ушбу марказ томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Ташриф давомида “Арсиф” МФЙ оилавий шифокорлик пунктида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳам ўрганилди. Шунингдек, 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактабида яратилган шароитлар, спорт заллари ва ёш авлодни соғлом турмуш тарзига жалб этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди.
Мазкур ташриф давомида аниқланган ижобий тажрибалар ва мавжуд муаммолар юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Қўмита раиси барча соҳаларда тизимли иш олиб бориш, ёшлар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маҳаллаларда хавфсиз ва соғлом муҳитни таъминлаш бўйича ҳамкорликни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.









