Қувасойда “Ибратли оила” кўкрак нишонлари ўз эгаларига топширилди
2026-05-15 14:00:00 / Янгиликлар

Сўнгги йилларда мамлакатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, фарзанд тарбиясида намуна бўлаётган оилаларни рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шундай эзгу анъаналардан бири сифатида “Ибратли оила” кўкрак нишони билан тақдирлаш тизими йўлга қўйилган бўлиб, мазкур эътироф жамиятда соғлом маънавий муҳитни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мазкур кўкрак нишони билан фарзандларини ҳалол, ватанпарвар, билимли ва тарбияли инсонлар этиб вояга етказаётган, оилавий қадриятларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган, ҳаётий тажрибаси билан бошқаларга ўрнак бўлаётган оилалар тақдирланади.
Жорий йилда шаҳримиз бўйича “Ибратли оила” кўкрак нишони учун 100 га яқин оила номзоди тавсия этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан қарийб беш баробарга ошгани аҳоли орасида мазкур эътирофга қизиқиш ва муносиб бўлиш истаги тобора кучайиб бораётганини кўрсатади.
Якуний танлов натижаларига кўра, шаҳримиздаги 9 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳиби бўлди.
Тадбирда шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдуқаҳҳор Кадиров сўзга чиқиб, мамлакатимизда оила муқаддаслигини таъминлаш, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, авлодлар ўртасидаги ворисийлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталди.
Тантанали маросимда “Ибратли оила” кўкрак нишони соҳибларига мукофотлар топширилиб, уларга эзгу тилаклар билдирилди.
Тақдирланган оилалар вакиллари ҳам сўзга чиқиб, юксак эътироф учун миннатдорчилик билдирди. Улар маҳаллаларда ибратли оилалар сафини кенгайтириш, ёшларни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш ва жамиятда аҳиллик муҳитини мустаҳкамлаш йўлида фаол иштирок этишларини таъкидладилар.









