Хорижий инвесторлар билан истиқболли лойиҳалар сари қадам
2026-04-15 14:00:00 / Янгиликлар

Мазкур мулоқот давомида ҳудудда саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган қатор ташаббуслар муҳокама марказида бўлди.
Хусусан, учрашувда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва замонавий усулда қадоқлашга ихтисослашган янги лойиҳаларни амалга ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу ташаббуслар орқали илғор технологияларни жорий этиш, маҳсулотларни халқаро стандартлар асосида тайёрлаш ва уларни ташқи бозорларга олиб чиқиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, инвесторларга Қўқон эркин иқтисодий зонасининг Қувасой филиалидан лойиҳа учун истиқболли ер майдонлари таклиф этилди. Учрашув давомида ҳудуднинг мавжуд инфратузилма имкониятлари, логистика қулайликлари ҳамда инвесторлар учун яратилган имтиёз ва преференциялар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Якунда, мазкур лойиҳалар шаҳар ҳокимлиги томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, инвесторлар билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик йўлга қўйилиши алоҳида таъкидланди. Бу эса Қувасойнинг иқтисодий тараққиётида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда.


