РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2026-10-07 12:40:00 / Янгиликлар

Ижтимоий тармоқлар орқали Фарғона вилояти, Қува тумани, “Қалинпўстин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қурилаётган пиёдалар йўлакларининг ногиронлиги бўлган шахслар учун ажратилган (тактил) йўлаклар талабларга жавоб бермаслиги ҳамда пиёдалар ҳаракатига бетон таянч устунлар ҳалал бераётганлиги юзасидан билдирилган эътирозлар масъуллар томонидан ўрганилди.
Маълумот ўрнида, тумнадаги Қалинпўстин маҳалла фуқаролар йиғини Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-49-сон қарорига асосан оғир тоифадаги маҳалла сифатида танлаб олинган бўлиб, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш ва аҳоли учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 3 млрд сўм маблағ ажратилган. Белгиланган чора-тадбирлар дастури доирасида маҳалла ҳудудида 1,4 км замонавий пиёдалар йўлаги қуриш режалаштирилган.
Мазкур қурилиш ишлари «Эффект Элегант» МЧЖ томонидан амалга оширилган бўлиб, ишларни бажариш жараёнида айрим камчиликлар ва сифатсиз бажарилган ишлар аниқланганлиги сабабли қурилиш ишлари вақтинча тўхтатилган. Айни пайтда ҳолат юзасидан ўрганиш ва текширув ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, дастур доирасида маҳаллада электр таъминотини яхшилаш ҳамда замонавий ёритиш ва электр таянчлар ўрнатиш мақсадида пиёдалар йўлаги ёнида янги темир-бетон таянч устунлар ўрнатилиб, ҳозирда электр тармоқларини тортиш ишлари давом этмоқда.
Ижтимоий тармоқларда билдирилган эътирозлардан сўнг пиёдалар ҳаракатига халақит бераётган, маънан эскирган таянч устун олиб ташланиб, мавжуд камчилик бартараф этилди.
Қурилиш ишларининг сифатли ва белгиланган талаблар асосида бажарилиши, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имкониятларини таъминлаш масалалари масъуллар томонидан назоратга олинган.
