#Bayram_tabrigi
2026-10-21 08:15:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳар бир миллатнинг ўзлиги, тарихи ва маънавиятини намоён этувчи энг буюк бойлиги - унинг она тилидир. Тил - миллатнинг қалби, халқнинг руҳи, аждодлар ва авлодлар ўртасидаги мустаҳкам маънавий кўприкдир.
Она тилимиз - ўзбек тили асрлар давомида халқимизнинг тарихи, орзу-интилишлари ва бой маънавий меросини ўзида мужассам этиб келмоқда. Унинг жозибаси, нафосати ва бадиий имкониятлари беқиёсдир. Буюк мутафаккир Алишер Навоий бобомиз ўзининг бебаҳо ижоди орқали тилимизнинг нақадар бой ва сержило эканини бутун дунёга намоён этган.
1989-йил 21-октябрда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ўзбек тилига давлат тили мақомини бериб, халқимизнинг миллий ўзлигини англаш ва асрий орзуларини рўёбга чиқариш йўлидаги муҳим тарихий воқеа бўлди. Бу қадам она тилимизга бўлган ҳурматни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ва тилимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш учун мустаҳкам замин яратди.
Бугунги кунда давлат тилининг нуфузини ошириш, унинг қўлланиш доирасини кенгайтириш ва ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш барчамизнинг муҳим вазифамиздир. Она тилига ҳурмат - миллий қадриятларимизга ҳурмат ва келажак авлод олдидаги масъулиятимиздир.
Ҳурматли устозлар ва азиз ёшлар!
Аждодларимиздан бизга бой адабий мерос ва бетакрор маънавий қадриятлар қолган. Бу меросни асраш, бойитиш ва келажак авлодларга етказиш - муқаддас бурчимиздир. Шу боис ёшлар қалбида она тилига муҳаббат уйғотиш, уларни буюк аждодларимиз асарларини ўқишга, ижод қилишга ва тилимизнинг бой имкониятларини чуқур ўрганишга жалб этишимиз лозим.
Она тилини мукаммал билиш бошқа тилларни ўрганишга тўсиқ эмас, аксинча, инсоннинг дунёқарашини кенгайтиради ва жаҳон билан мулоқот қилиш имкониятларини оширади. Муҳими, қайси тилни ўрганмайлик, ўз она тилимизга бўлган ҳурмат ва садоқатни сақлашимиз керак.
Азиз юртдошлар!
Она тилимизни асраш ва унинг нуфузини юксалтириш фақат тилшунослар ёки устозларнинг эмас, балки ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Бунинг учун барчамиз кундалик ҳаётимизда давлат тили меъёрларига амал қилишимиз, ёшларга ибрат бўлишимиз ва миллий меросимизни асраб-авайлашимиз зарур.
Келинг, она тилимизни биргаликда асрайлик, унинг бойлиги ва жозибасини келажак авлодларга муносиб етказайлик!
Ўзбек тилимиз - миллий ғуруримиз, ўзлигимиз ва бебаҳо маънавий бойлигимиздир!
Она тилимиз доимо яшнасин, тилимизнинг нуфузи ва мавқеи янада юксалсин!
Барчангизни Ўзбек тили байрами билан яна бир бор самимий муборакбод этаман!
Сизларга мустаҳкам соғлиқ, оилавий хотиржамлик, фаровонлик ва ишларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Юртимиз тинч, халқимиз омон, тилимиз доимо барҳаёт бўлсин!
Ўткир Ҳамроев
Қоровулбозор тумани ҳокими
