Ёшлар масаласи — эътиборда: раҳбарлар билан очиқ мулоқот
2026-10-08 18:20:00 / Янгиликлар

Мулоқотда туман ҳокими, туман прокурори, ИИБ бошлиғи, солиқ инспекцияси раҳбари, тижорат банклари вакиллари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда техникум ёшлари иштирок этди.
Учрашувда ёшларни қийнаётган масалалар билан бир қаторда, иш топиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, имтиёзли молиялаштириш имкониятларидан фойдаланиш каби йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Туман ҳокими Ўткир Ҳамроев бошчилигидаги раҳбарлар ёшлар билан мулоқот қилиб, улар учун яратилаётган имкониятлар, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришди.
Тижорат банклари ва масъул ташкилотлар вакиллари эса ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун мавжуд имтиёзлар, кредит ва молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари ҳақида тушунтириш берди.
Учрашувнинг асосий қисми очиқ савол-жавоб шаклида ўтди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган масалаларни бевосита масъулларга йўллаб, ишга жойлашиш, тадбиркорлик ва молиявий имкониятлар бўйича жавоблар олди.
Тадбир доирасида ташкил этилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси эса ёшлар учун иш берувчилар билан бевосита учрашиш имконини берди. Ярмаркада корхона ва ташкилотларда мавжуд бўш иш ўринлари тақдим этилиб, ёшлар ўз қизиқишларига мос иш ўринлари ҳақида маълумот олди.
Бугунги учрашувнинг муҳим жиҳати — ёшлар ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича турли идораларга алоҳида мурожаат қилмасдан, раҳбарлар, банклар ва иш берувчилар билан бир майдонда бевосита мулоқот қилиш имконига эга бўлди.
✍️ Қоровулбозор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати








