Когон шаҳри нуронийлари Қоровулбозор туманида меҳмон бўлди
2026-08-22 15:30:00 / Янгиликлар

Мазкур ташаббус доирасида бугун, 22-август куни Когон шаҳри нуронийлари Қоровулбозор туманига ташриф буюрди.
Ташрифнинг дастлабки манзили “Бўзачи” маҳалласида фаолият юритаётган “Бухоро агрокластер чорва” МЧЖ бўлди. Меҳмонлар корхонанинг фаолияти, ишлаб чиқариш жараёнлари ва амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишдилар.
Шундан сўнг нуронийлар “Навбаҳор” маҳалласида ташкил этилган “Беш ташаббус маркази” фаолияти билан танишдилар. Марказда ёшлар учун йўлга қўйилган тўгараклар, аёллар учун психологик маслаҳат хонаси, кураш, шахмат ва шашка машғулотлари ҳақида маълумот берилди.
Ташриф давомида ёшлар билан самимий мулоқотлар ҳам ташкил этилди. Суҳбатларда ёшларнинг қизиқиш ва интилишлари тингланиб, нуронийлар ўзларининг бой ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашдилар. Юрт тинчлиги, оилалар тотувлиги ва жамият барқарорлигини таъминлашда катта авлоднинг ҳаётий тажрибаси ҳамда ёшларнинг фаол иштироки муҳим экани таъкидланди.
Кун давомидаги тадбирларнинг навбатдаги манзили “Фарҳод” тантаналар мажмуаси бўлди. Бу ерда бир пиёла чой устида нуронийлар иштирокида маънавий-маърифий учрашув ташкил этилди.
Самимий суҳбатлар давомида кекса авлод вакиллари ўзлари яшаган ва меҳнат қилган давр, ўша йиллардаги шароит ва ҳаётий тажрибалари ҳақида сўзлаб бердилар. Бугунги кунда мамлакатимизда таълим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, уларнинг қадрига етиш лозимлиги қайд этилди.
Тадбирлар давомида ташаббусларда фаол иштирок этган бир гуруҳ Когон шаҳри нуронийларига Қоровулбозор тумани ҳокимлигининг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Туман маданият бўлимининг бадиий жамоалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар эса учрашувларга янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Қоровулбозор тумани ҳокимлиги матбуот хизмати









