Қоровулбозор тумани ИИБ бошлиғи, подполковник Алимардон Ашрапович Жумаевнинг туман аҳолисига мурожаатномаси
2026-06-02 17:00:00 / Янгиликлар

Ассалому алайкум, ҳурматли юртдошлар!
Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, тизим фаолиятини мутлақо янги, замонавий босқичга кўтариш, соҳа ходимларининг аҳоли турли қатламлари билан доимий мулоқоти ва ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш борасида ҳам улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад — ички ишлар органларини ушбу тизимда хизмат қилаётган ҳар бир ходим жамиятимизда тинчлик ва осойишталикни, жамоат тартибини сақлаш йўлида чин дилдан хизмат қиладиган халқчил профессионал тузилмага айлантиришдан иборат.
Янги Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” эзгу ғояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Инсон қадри улуғланаётган ана шундай тарихий шароитда қишлоқ, гузар ва маҳаллаларимизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида барчамизнинг зиммамиздаги масъулиятли вазифалар янада ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари ҳам “Давлат ва халқ таянадиган асосий устун – қонун, унинг кучини амалда намоён этадиган энг самарали тизим эса ички ишлар соҳаси” дея тизимга алоҳида эътибор қаратиб, бу соҳадаги ўзгаришларнинг энг катта замини — юртимиздаги тинчлик-осойишталик эканлигини қайта-қайта уқтириб келадилар.
Хабарингиз бор, 2021-йилдан бошлаб юртимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “маҳаллабай ишлаш” тизими татбиқ этилган эди. Унга кўра, ҳар бир маҳаллага алоҳида ёндашган ҳолда, манзилли иш олиб бориш амалиёти йўлга қўйилди. Ўтган йилдан бошлаб “маҳалла бешлиги” – “маҳалла еттилиги”га айлантирилиб, унинг фаолиятига аҳолининг ижтимоий муаммоларини аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган “жиноятларнинг ижтимоий профилактикасини амалга оширишга” таянадиган янгича ишлаш тизими жорий қилинди. Энг асосийси, содир этилаётган жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари бевосита аҳоли иштирокида жойларда муҳокама қилинадиган, жамоат хавфсизлиги учун масъуллар бевосита маҳалланинг ўзида ҳисобот берадиган бўлди.
Тизимли меҳнати, кенг дунёқараши, тадбиркорлиги ҳамда меҳмондостлиги билан ажралиб турувчи, бағрикенглик қон-қонига сингиб кетган туманимиз аҳолиси тинч-тотув, бахтиёр ҳаётни юксак қадрлайди. Сизлар ҳар бир соҳада юксак натижаларга эришишга интилишларингиз, фидоий ва жасур меҳнатлариз орқали туманимизни янада обод ва фаровон қилишга ўз ҳиссангизни қўшмоқдасиз. Бинобарин, меҳнатингизнинг натижаси – бу нафақат туманимизни ривожлантириш, балки мамлакатимиз равнақи учун мустаҳкам пойдевор яратишдир.
Дунё бўйлаб содир бўлаётган воқеалардан хабарингиз бор. Чексиз миннатдорлик билан айтишимиз мумкинки, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорлик ҳукм суриб, ҳар биримизнинг ҳаётимизда ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Юртда давом этаётган изчил тараққиётни кўзимиз билан кўриб, қалбимизда ҳис қилиб, кундалик турмушимизда сезиб яшамоқдамиз. Шубҳасиз, буларнинг барчаси Президентимизнинг тинимсиз меҳнати, доно сиёсатлари ва улкан саъй-ҳаракатлари натижасидир.
Шу ўринда, ён-атрофимиздаги таҳликали вазият, чигаллашган маконда мамлакатимиз тақдирига, айниқса ёшлар онгига ижтимоий тармоқлар ёрдамида “оммавий маданият”, “сохта демократия”, нотўғри диний тушунчалар орқали таҳдид бўлаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Юқоридаги нуқтаи назардан келиб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган манзилли ишларни янада кучайтиришимизни тақозо этмоқда.
Тан олиб айтишимиз керак, олдимизда жуда кўплаб турли хил хавф-хатарлар турибди. Ҳозирги кунда жуда авж олиб бораётган кибержиноятлар, яъни ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноий тажовузлар шулар жумласидандир. Бу турдаги жиноятлар замон ва макон танламаслиги ва масофадан туриб содир этилаётганлиги сабабли иш фаолиятимизда анчайин қийинчиликларни туғдирмоқда. Фуқароларимиз кибержиноятчиларнинг турли алдовлари билан юборилган сохта ҳавола (линк) орқали карта бошқарувини қўлга киритиш, интернет орқали онлайн савдоларни амалга оширишда пул маблағларини тўлаш, пул кўпайтириб бериш учун ўтказиш ва бошқа йўллар орқали алдов қурбонига айланишмоқда.
Жиноятчилар фуқаролар ишончига кириш мақсадида сунъий интелектдаан фойдаланиб, машҳур инсонларнинг сохта видеоларини тайёрлашмоқда. Бошқа бир ҳолатда эса “ушбу суратдаги сенми?” ёки “тўйга таклифнома” мазмунидаги файллар юбориш орқали фуқаролар пластик картасидаги пулларни осонгина қўлга киритишни кўзламоқда. Бу турдаги жиноятларга барҳам беришнинг энг самарали йўли — аҳолида кибержиноятларга қарши иммунитетни шакллантиришдир. Барчамиз нафақат ўзимизни, балки ён-атрофдагиларни ҳам бу жиноятлардан ҳимоя қилишни ўрганишимиз керак. Баъзан ҳаддан ташқари ишонч ва осон йўл билан бойиш истаги ўзимиз билмаган ҳолда турли тузоқларга илиниб қолишимизга олиб келмоқда.
Шу сабабли аҳолимиздан қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз:
Энг аввало, телефон ва гаджетларингизга икки босқичли парол ўрнатинг, автоматик юклаб олиш иловаларини ўчириб қўйинг;
Пластик карта пин-кодини бегона шахсларга берманг;
Савдо нуқталари атрофидаги бегона шахслар орасида карта пин-кодини маълум қилманг, терминалга пин-кодни шахсан киритинг, пин-кодни киритиш қурилмаларида шубҳали қопламалар мавжуд эмаслигини текширинг;
Масофадан туриб электрон тўловларни ёки пул ўтказмаларини амалга ошириш давомида махсус кодни ошкор этманг;
Электрон почта ёки ижтимоий тармоқлардан банк пластик картаси тўғрисидаги махфий маълумотларни жўнатманг;
Ўзини банк мутахассиси сифатида таништириб, карта тўғрисидаги маълумотларни сўраган шахсларга уларни ошкор этманг;
Банк пластик картаси учун СМС-хабарнома хизматини бегона шахслар телефон рақамига уламанг;
Яқинларингиз ва танишларингизнинг гаровга олинганлиги, ёрдамга муҳтожлиги ёки бирор бир мушкул аҳволга тушиб қолганлигини айтиб, таниш дўсти, терговчи, тиббиёт ходими ёки бошқа шахс мақомида қўнғироқ қилиб пул талаб қилишаётган бўлишса ёхуд чет мамлакатда юрган яқинингиз овозида қўнғироқ қилиб пул сўрашса асло ишонманг. Бу сунъий интеллект орқали амалга оширилаётган фирибгарлик бўлиши мумкин.
Агарда юқоридаги каби ҳолатларга дуч келсангиз, “112” қисқа рақамига зудлик билан мурожаат қилинг.
Яна бир долзарб муаммо – гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар. Ички ишлар органлари ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда туманимиз ҳудудида гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб бормоқдамиз. Бу иллатга қарши кескин курашишда, энг аввало, ёшлар ҳамда вояга етмаганлар орасида кенг тарқалишининг олдини олишда манзилли, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Бугунги кунда бу турдаги жиноятлар ҳам замонавийлашган, гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланиш ижтимоий тармоқларга кўчган! Интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар” орқали жиноятлар содир этилмоқда. Бу жараёнга бизнинг содда ёшларимиз, айниқса вояга етмаганларнинг жалб этилаётгани эса ўта хатарли. Бу жиноий гуруҳлар фаолияти хориждан туриб бошқарилмоқда. Уларга етиб бориш турли қийинчиликларни туғдирмоқда. Буни яширолмаймиз, албатта.
Аммо фуқароларимиздаги лоқайдлик ва атрофдаги ҳодисаларга бееътиборлик ҳам айнан ушбу турдаги жиноятларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлмоқда. Негадир мана шундай реклама қоғозларини уйингиз эшигига, деворларга, кўча ва жамоат жойларида ёпиштириб кетаётганларни тўхтатмайсиз? Бундай шубҳали шахслар тўғрисида ҳуқуқ-тартибот органларига ёки “112” қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бермайсиз? “Оч қорним – тинч қулоғим” қабилида иш тутаётганлар! Огоҳ бўлинг! Бу иллат Сизнинг ҳам хонадонингизга кириб бормаслигига ким кафолат беради? Бу иллатга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз шарт!
Шунинг учун, ҳурматли ота-оналар, азиз ватандошлар, эътиборли бўлинг! Фарзандларингиз, ака-ука, яқинларингиз, таниш-билишларингиз орасида хулқ-атвори, юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида кутилмаган ўзгариш бўлса, буни яширишга уринманг. “Маҳалла-кўй, таниш-билишлар нима дейди?” деган ўй-хаёл билан яширманг. Бир ўзингиз уларни оғу домидан чиқариб ололмайсиз. Бундай шахсларга мутахассисларнинг ёрдами керак. Ўз вақтида яқинларингизни гиёҳвандлик домидан тортиб олсангиз, янада оғирроқ оқибатларнинг олдини олган бўласиз.
Биз бу жиноятларни содир этаётганларни аниқлаб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаймиз. Лекин шахс жавобгарликка тортилиши билан унинг келажаги, оиласи нима бўлади? Бу иллат бутун жамиятимиз ва келажагимизга катта хавф туғдиришини унутмайлик. Яна бир масала, аксарият ҳолларда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган ва ундан заҳарланган ёшларнинг яқинлари буни билган, кўриб турган. Бироқ мустақил ва яширинча ҳаракат қилиб, тегишли идораларга ўз вақтида маълум қилмаганлар.
Гиёҳванд моддалар ёки кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмоли таъсири остида ҳар қандай жиноятлар, айниқса энг оғир турдаги жиноятлар содир этилиши муқаррар ва биз бу ҳолатларни ўз тажрибамиз давомида кўриб турибмиз. Бундай воситалар таъсири остида транспорт воситаларини бошқарган шахслар эса оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини содир этишлари мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Бундай шахслар нафақат ўз ҳаётига, балки бошқа бегуноҳ инсонларнинг ҳам ҳаётига нуқта қўйиши янада ачинарлидир.
Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман, бу – фирибгарлик. Бугунги кунда туманимизда жиноятчиликнинг катта салмоғини фирибгарлик жиноятлари ташкил этмоқда. Галдаги муҳим масалалардан яна бири бу – ўғрилик жиноятлари. Сўнгги вақтларда туманимиз ҳудудларида содир этилаётган жиноятчиликнинг биринчи ўринида ўғрилик жиноятлари турибди. Хусусан, хонадон, савдо дўконлари ва чорва мол ўғрилиги жиноятлари фуқароларимизнинг ўз мулкларини хавфсиз сақлашга эътиборсиз бўлаётганидан далолат бермоқда.
Айниқса:
Хонадонлар ва савдо дўконларининг қаровсиз қолдирилиши;
Эшик-деразаларга темир панжараларнинг ўрнатилмаганлиги ёки сифациз ва тез шикастланувчи осма қулфларнинг ўрнатилганлиги;
Автомототранспорт воситалари эшикларининг очиқ ҳолда ёки овлоқ жойларда қаровсиз қолдириб кетилиши;
Далаларда ёки яшаш уйидан узоқда, атрофи ўралмаган ҳовлиларда қорамоллар ва қўй-қўзиларнинг қаровсиз қолдирилиши;
Хонадон ёки савдо дўконларининг техник қўриқлаш пултига уланмаганлиги ёхуд автоном сигнализацияларнинг ўрнатилмаганлиги;
Корхона, ташкилот, муассаса, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларида ташқи ёритиш ва видеокузатув мосламаларининг ўрнатилмаганлиги ёхуд қоровуллик хизматининг ташкил этилмаганлиги;
Автотураргоҳлар ва кўп қаватли уйларнинг кириш жойларида видеокузатув ва ёритиш мосламаларининг йўқлиги, подъэзд ва томга чиқиш эшикларининг қулфланмаслиги, велосипед, коляска ва бошқа шу каби буюмларнинг қаровсиз қолдирилиши ўғрилик жинояти содир этилишига шароит яратмоқда.
Азиз тумандошлар, ҳар биримиз ўз мол-мулкимизни асраб-авайлашга, уни қўриқлаш ва хавфсизлигини таъминлашга масъулият билан ёндашайлик. Агарда Сиз сафарга кетишни режалаштирган бўлсангиз, яшаш хонадонингизни қўриқлаш пултига топшириб, доимий равишда хонадон эшик-деразаларининг мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратишингизни, автомашинангизни махсус автотураргоҳларда сақлашингизни, автомашина салонида пул ва қимматбаҳо буюмларни қолдирмаслигингизни, чорва молларини қаровсиз қолдирмаслигингизни сўраймиз. Айниқса, хонадонларни, савдо ва бошқа маиший хизмат кўрсатувчи шохобчаларни техник қўриқлаш пултига топшириш, видеокузатув мосламалари билан жиҳозлаш мулкингизнинг хавфсиз сақланишини кафолатлайди. Бу билан Сиз пешона тери билан йиққан мол-мулкингизни арзимас тўлов орқали кафолатли қўриқланишига эришасиз. Азиз фуқаролар! Бугунги кунда ўтказган таҳлилларимиз шуни кўрсатмоқдаки, қаерда видеокузатув мосламалари ўрнатилган бўлса, шу ерда ўғрилик ҳолатлари деярли содир бўлмаяпти.
Туманимизнинг жонкуяр фуқаролари! Шу ўринда, кўча ва жамоат жойларида арзимагани сабаблар билан тасодифий тортишувлар натижасида содир этилаётган жиноятларга ҳам эътиборингизни қаратмоқчиман. Аниқ бир жиноятни содир қилишга қасди бўлмаса-да, тўсатдан вужудга келган ҳолат натижасида, кучли ҳис-ҳаяжон ёки асабийлашиш сабабли бир-бири билан дўппослашиб, тан жароҳати етказишмоқда.
Ҳурматли фуқаролар! Маҳаллангиз, оилангиз, яқинларингиз орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда сизлардан жонбозлик кўрсатишингизни сўраб қоламиз. Агарда Сизда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигига таҳдидлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ҳақида маълумотлар бўлса, бизга “102” рақами орқали хабар беришингизни сўраймиз. Албатта, хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз. Сизнинг шу хабарингиз орқали оғир оқибатли жиноятларнинг олди олиниши, инсонлар ҳаёти сақлаб қолиниши мумкинлигини асло унутманг. Ҳеч биримиз бефарқликка берилмаслигимиз лозим. Агар Сизнинг маълумотингиз асосида оғир жиноятлар тўхтатиб қолинса, ўрнатилган тартибда рағбатлантириш чораларини кўрамиз. Шуни билингки, жиноят содир этилганидан кейин эмас, уларни олдиндан бартараф этишга эътибор қаратайлик.
Ҳурматли, тумандошлар! Фурсатдан оқилона фойдаланиб, Сиз азиз тумандошларимга чуқур ҳурмат ва самимий тилакларимни йўллайман. Ҳар бирингизга барака, мустаҳкам соғлик, хонадонларингизга хотиржамлик ва фаровонлик тилайман. Юртимизда тинчлик ва барқарорлик доимо ҳукм сурсин, осмонимиз мусаффо бўлсин.
Эътиборингиз учун раҳмат!
