Қоровулбозор тумани ҳокими Ўткир Ҳамроевнинг “Ватан ҳимоячилари куни” муносабати билан байрам табриги.
2026-01-14 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Қадрли тумандошлар!
Аввало, сизларни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 34 йиллиги ҳамда 14-январ - Ватан ҳимоячилари куни билан самимий муборакбод этаман!
Сиз каби ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек улуғ ишга бағишлаган ботир ва довюрак ўғлонларимиз ва муҳтарам фахрийларимизга энг эзгу тилакларимни изҳор этаман!
Бу улуғ сана, аввало, Ватан сарҳадларини қўриқлаб, халқимиз тинчлиги, юртимиз осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган мард ва жасур ҳарбийларимизга бўлган юксак эҳтиром ва эътироф рамзидир. Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир. Бугун мана шу эзгу бурчни шараф билан адо этаётган Ватан ҳимоячилари бор экан, юртимиз равнақи, халқимиз осойишталиги мустаҳкам кафолатланган.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида “Халқ ва армия – бир тану бир жон!” тамойили асосида эришаётган барча ютуқларимизда шараф билан фаолият юритаётган ҳарбийларимизнинг беқиёс ҳиссаси бор.
Давлатимиз Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони, муҳтарам Президентимизнинг асосий эътибори ҳам шу соҳага қаратиб келинаётганлиги туфайли, яъни ҳарбийларимизнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматлари туфайли осмонимиз мусаффо, халқимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, одамлар ҳаёти фаровон бўлмоқда.
Миллий армиямиз — мустақиллигимиз, ҳудудий дахлсизлигимизнинг ишончли қалқонидир.
Бугун миллий армиямиз профессионал, салоҳияти кучли, ҳар қандай таҳдид ва хавф-хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган армия бўлиб, эл-юрт таянчи ва суянчига айланди.
Қувонарлиси, мамлакатимиз армияси халқаро майдонларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Бу эса миллий армиянинг юксак маҳорати ва жанговар тайёргарлигини намоён этади.
Халқимиз сизлар каби мард ва жасур ҳарбийларимиз тимсолида Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари буюк аждодларимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган она юртимизнинг чинакам қалқонларини кўради.
Юртимиз хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги, халқимиз тинчлик ва тотувлигини таъминлашда ҳамда мамлакатимиз мудофаа қобилиятини юксалтиришда биз сиз азизларга таянамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, мард ва баҳодир юрт посбонларини тарбиялаган барча ота-оналарга, ҳарбий хизмат давомида Ватан ҳимоячиларига тоғдек таянч бўлиб келаётган уларнинг оила аъзоларига чин қалбимдан миннатдорлик билдираман.
Муҳтарам Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бугунги кунда ҳар биримиз амалда Ватан ҳимоячиси бўлишимиз, ёшларимизни ҳам шу руҳда камол топтиришимиз зарур”.
Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасидаги тадбирлар ёшларимизни Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу жараёнда ҳарбийларимиз ёш авлод учун ибрат ва намуна бўлиб хизмат қилмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, туманимиз ҳудудида жойлашган ҳарбий қисм ҳамда тегишли соҳаларда хизмат қилаётган зобит ва аскарларимиз, шунингдек, соҳа фахрийларининг фидокорона меҳнати ҳар қандай таҳсинга лойиқ.
Эътиборлиси, ёшларимиз жисмонан ва маънан чиниққан, қатъий ҳаётий позицияга эга бўлган, Ватан ҳимояси учун доимо тайёр турадиган фидойи инсонлар бўлиб камол топмоқда.
Мана шу қутлуғ айёмда барчамиз сизларнинг метин иродангиз, жанговар руҳингиз ва шиддатингизга қараб, Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаёти, сарҳадларимиз даҳлсизлиги мустаҳкам ишончли қўлларда эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Қадрли Ватан ҳимоячилари!
Она юрт қалқонлари, тинчлик посбонлари шарафланадиган мана шу қувончли кунда сиз, азизларни шонли байрамингиз билан яна бир бор чин дилдан қутлайман.
Барчангизга муқаддас қасамёдингизга содиқ қолиб, хизмат бурчингизни юксак даражада адо этишда мустаҳкам соғлиқ, улкан муваффақиятлар, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик, файзу барака тилайман.
Мамлакатимиз тинчлиги ва хавфсизлиги йўлидаги фидокорона хизматларингиз учун барчангизга ўз номимдан, туманимиз халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Куч-ғайратингиз, шаъну шарафингиз янада зиёда бўлсин!
Тинчлик ва фаровонлик ҳукм сураётган мамлакатимизга асло кўз тегмасин!
Миллий армиямиз куч-қудрати, салоҳияти янада ортаверсин!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, сарҳадларимиз даҳлсиз, Олий бош қўмондонимиз омон бўлсин!
