Дебиторлик қарздорлигини ундиришда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари
2026-11-10 09:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Дебиторлик қарздорлигини ундиришда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари
Тадбиркорлик субектлари фаолиятида дебиторлик қарздорлиги иқтисодий муносабатларнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Бироқ унинг ўз вақтида қайтарилмаслиги корхоналарнинг молиявий барқарорлигига, ишлаб чиқариш жараёнига ва бошқа хўжалик юритувчи субектлар билан ҳисоб-китобларига салбий таъсир кўрсатади. Бир корхонанинг тўланмаган қарзи бошқа корхонанинг ҳам ўз мажбуриятларини бажара олмаслигига сабаб бўлиши мумкин. Шу боис дебиторлик қарздорлигини ундириш масаласи нафақат алоҳида тадбиркорнинг, балки иқтисодий муомаладаги маблағлар айланишининг барқарорлиги учун ҳам муҳимдир.
Амалиётда дебиторлик қарздорлиги, асосан, шартнома мажбуриятларини бажармаслик, тўлов муддатларини бузиш, молиявий имкониятларни нотўғри баҳолаш ва шартномавий интизомга етарлича риоя қилмаслик натижасида юзага келади. Айрим тадбиркорлар ҳамкорлик муносабатларига ишониб, контрагентнинг тўлов қобилиятини текширмасдан маҳсулот етказиб беради ёки хизмат кўрсатади. Кейинчалик эса ўз маблағларини ундириш учун судга мурожаат қилишга мажбур бўлади.
Иқтисодий судларда бундай низоларни кўриб чиқишда асосий масала қарздорликнинг ҳақиқий мавжудлигини ва миқдорини аниқлашдан иборат. Бунда шартномалар, ҳисобварақ-фактуралар, маҳсулотни топшириш-қабул қилиш далолатномалари, электрон ҳужжатлар ва ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномалари муҳим далилий аҳамиятга эга. Суд томонидан ушбу ҳужжатларни ўзаро боғлиқликда, ҳар томонлама ва холисона баҳолаш талаб этилади.
Яна бир муҳим муаммо — суд қарори чиқарилганидан кейин қарздорликни амалда ундириш билан боғлиқ. Айрим ҳолларда қарздорнинг ҳисобварақларида маблағ мавжуд эмаслиги ёки мол-мулки етарли бўлмаганлиги сабабли суд ҳужжатининг ижроси қийинлашади. Натижада кредитор судда ўз ҳақ эканлигини исботлаган бўлса-да, амалда маблағларини қайтариб олиш имкониятидан маҳрум бўлиши мумкин.
Бу ҳолат суд ҳимоясининг самарадорлиги фақат қонуний ва асосли қарор чиқариш билан эмас, балки унинг реал ижро этилиши билан ҳам белгиланади. Шу сабабли қарздорнинг мол-мулкини аниқлаш, зарур ҳолларда даъвони таъминлаш чораларини қўллаш ва ижро механизмларининг самарадорлигини ошириш муҳим аҳамиятга эга.
Дебиторлик қарздорлигини ундиришда яна бир эътиборли жиҳат — айрим қарздорларнинг протсессуал имкониятлардан низони чўзиш мақсадида фойдаланишидир. Бундай вазиятларда судлар тарафларнинг эътирозларини синчиклаб текшириши, асоссиз важлар туфайли ишларнинг ортиқча чўзилишига йўл қўймаслиги лозим. Шу билан бирга, ҳар бир тарафнинг қонуний ҳимояланиш ҳуқуқи тўлиқ таъминланиши шарт.
Мазкур муаммоларни бартараф этиш учун, аввало, шартномавий интизомни кучайтириш, шартнома тузишдан олдин контрагентнинг молиявий ҳолатини ўрганиш ва тўлов муддатларини аниқ белгилаш зарур. Шунингдек, электрон ҳужжат айланишини кенгайтириш, суд амалиётини мунтазам таҳлил қилиш, қарздорликни судгача ҳал этиш имкониятларидан фойдаланиш ҳамда суд ҳужжатлари ижросини такомиллаштириш лозим.
Иқтисодий низоларда медиатсия ва келишув битимларидан фойдаланиш ҳам ижобий натижа бериши мумкин. Чунки айрим ҳолларда қарздорликни тўлиқ ундиришдан кўра, тарафларнинг ўзаро келишуви асосида аниқ тўлов жадвалини белгилаш кредитор учун ҳам, қарздор учун ҳам иқтисодий жиҳатдан самаралироқ бўлади.
Дебиторлик қарздорлигини ундиришдаги асосий мақсад фақат қарзни суд тартибида ундириш эмас, балки тадбиркорлик субектларининг бузилган мулкий ҳуқуқларини амалда тиклаш, шартномавий интизомни мустаҳкамлаш ва иқтисодий муносабатларда тўлов маданиятини шакллантиришдан иборатдир. Зеро, суд ҳимоясининг ҳақиқий самараси чиқарилган қарорлар сони билан эмас, балки тикланган ҳуқуқлар ва амалда ундирилган маблағлар билан намоён бўлади.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судяси Т.Усмонов
