Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш: қонуний кафолатлар, амалий муаммолар ва самарали ечимлар
2026-11-10 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш: қонуний кафолатлар, амалий муаммолар ва самарали ечимлар
Тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, мулк дахлсизлиги ва шартномавий муносабатларнинг барқарорлиги бозор иқтисодиётининг асосий таянчларидан ҳисобланади. Тадбиркорлик субъекти ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида нафақат иқтисодий хавф-хатарлар, балки турли ҳуқуқий тўсиқлар ва низоларга ҳам дуч келиши мумкин. Бундай вазиятларда суд ҳокимияти тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда иқтисодий муносабатларда адолатни қарор топтиришнинг муҳим институти сифатида намоён бўлади.
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш масаласига фақат юзага келган низони ҳал этиш воситаси сифатида қараш тўғри эмас. Суд ҳимоясининг асл мазмуни тадбиркорнинг қонуний фаолият юритишига тўсқинлик қилаётган ҳолатларни бартараф этиш, мулкий манфаатларини тиклаш ва келгусида шунга ўхшаш ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишдан ҳам иборатдир.
Амалиётда тадбиркорлик субъектлари ўртасида шартномавий мажбуриятларни бажармаслик, маҳсулот етказиб бериш, бажарилган ишлар ҳақини ундириш, ижара муносабатлари, қарздорлик, зарарларни қоплаш ҳамда мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар кўп учрайди. Бундан ташқари, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг қонунга зид қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ҳам тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бу борада суднинг вазифаси низони фақат ҳужжатлар асосида формал ҳал қилиш билан чекланмаслиги лозим. Ҳар бир ишда тарафларнинг ҳақиқий ҳуқуқий муносабатлари, мажбуриятларнинг бажарилишига таъсир қилган сабаблар, тақдим этилган далилларнинг ишончлилиги ва низонинг иқтисодий моҳияти атрофлича ўрганилиши зарур.
Айниқса, шартномавий низоларда муҳим бир жиҳат мавжуд: шартнома имзоланганининг ўзи мажбурият тўлиқ бажарилганлигини англатмайди. Маҳсулот ҳақиқатда етказиб берилганми, бажарилган ишлар қабул қилинганми, тўлов муддати келганми, тарафлар ўз мажбуриятларини лозим даражада бажарганми — ушбу ҳолатлар ҳар бир иш бўйича алоҳида текширилиши керак. Акс ҳолда, фақат расмий ҳужжатларга таяниш ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлашга тўсқинлик қилиши мумкин.
Суд амалиётида эътибор қаратилиши лозим бўлган яна бир масала — электрон далилларнинг аҳамиятидир. Бугунги кунда тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги кўплаб муносабатлар электрон почта, электрон ҳужжат айланиши, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва ахборот тизимлари орқали амалга оширилмоқда. Шу сабабли электрон шаклдаги ҳужжатлар ва ёзишмаларнинг иш учун аҳамиятини тўғри баҳолаш муҳимдир. Бунда уларнинг келиб чиқиши, ҳақиқийлиги, яхлитлиги ва қонуний тартибда олинганлиги текширилиши лозим.
Тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилишда далилларни тақдим этиш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Айрим ҳолларда тарафлар ўз талабларини асословчи ҳужжатларни тўлиқ шакллантирмаслиги ёки шартномавий муносабатларни етарли даражада расмийлаштирмаслиги оқибатида суд жараёнида қийинчиликларга дуч келади. Масалан, маҳсулот топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, бажарилган ишлар далолатномаси, ўзаро ҳисоб-китобларни солиштириш далолатномаси ёки ёзма талабнома мавжуд бўлмаслиги низонинг ҳал этилишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Бундай муаммоларнинг олдини олиш учун тадбиркорлар шартномавий интизомга қатъий риоя этиши, барча муҳим келишувларни ёзма шаклда расмийлаштириши ҳамда хўжалик операцияларига оид ҳужжатларни тизимли сақлаши зарур. Бу нафақат судда ўз ҳуқуқларини исботлаш, балки низоларнинг умуман келиб чиқмаслигига хизмат қилади.
Давлат органлари билан юзага келадиган низоларда эса қонунийлик ва мутаносиблик тамойилларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Тадбиркорлик субъектига нисбатан қўлланиладиган ҳар қандай маъмурий таъсир чораси қонуний асосга эга бўлиши, белгиланган тартибда амалга оширилиши ва кўзланган мақсадга мутаносиб бўлиши керак. Давлат органининг ваколатидан четга чиқиши, асоссиз талаб қўйиши ёки тадбиркорнинг қонуний фаолиятига ноқонуний аралашуви суд орқали текширилиши мумкин.
Суд ҳимоясининг самарадорлиги фақат чиқарилган қарорнинг мазмуни билан эмас, балки унинг амалда ижро этилиши билан ҳам белгиланади. Тадбиркор фойдасига суд ҳужжати қабул қилиниб, бироқ ундирилиши лозим бўлган маблағ узоқ вақт давомида ундирилмаса, бундай ҳимоя кутилган натижани бермайди. Шу боис суд ҳужжатлари ижросининг ўз вақтида ва тўлиқ таъминланиши тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимининг ажралмас қисмидир.
Яна бир долзарб масала — суд жараёнларида вақт ва харажатлар омилидир. Тадбиркорлик фаолиятида вақтнинг иқтисодий қиймати юқори. Қарздорликни ундириш бўйича ишнинг узоқ давом этиши, тарафларнинг такрорий процессуал ҳаракатлари ёки ҳужжатларни ўз вақтида тақдим этмаслиги тадбиркорнинг айланма маблағларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Термиз туманлараро иқтисодий судининг судяси Т.Усмонов
