ҚИЗИРИҚ ТУМАНИ ИИБ БОШИЛҒИ ПОДПОЛКОВНИК С.Ф. НАЗИРОВНИНИГ ТУМАН АҲОЛИСИГА МУРОЖААТИ
2026-11-05 09:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Қадрли Қизириқ тумани фуқаролари ва меҳмонлари!
Бугунги кунда рақамли технологияларнинг ривожланиши турмушимизга кўплаб қулайликлар яратиш билан бирга, кибержиноятчилик каби янги хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Афсуски, интернет ва ахборот тизимларидан ғаразли мақсадда фойдаланаётган шахслар фуқароларимизнинг молия воситалари ва шахсий маълумотларига тажовуз қилишга урнмоқда.
Таҳлилларга кўра, фирибгарлар асосан банк пластик карталари маълумотларини алдов йўли билан эгаллаш, СМС-кодларни қўлга киритиш, ижтимоий тармоқларда ёлғон аксиялар уюштириш ҳамда шубҳали илова ва ҳаволалар тарқатиш орқали юртдошларимизни чалғитишга уринишмоқда.
Киберфирибгарларнинг тузоғига тушиб қолмаслик учун қуйидаги ҳолатлардан огоҳ бўлинг:
Чала онлайн харидлар: Маҳсулотни кўрмай ва унинг мавжудлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмай туриб, олдиндан тўлов (аванс) ўтказиш;
Сохта ютуқ ва ёрдамлар: “Ютуқли ўйин ғолиби бўлдингиз”, “Сизга моддий ёрдам ажратилди” мазмунидаги асоссиз хабарларга ишониш;
Шубҳали ҳавола ва дастурлар: Номаълум манбалардан келган ҳаволаларга кириш, бегона иловаларни телефонга ўрнатиш;
Махфий маълумотларни ошкор қилиш: Банк картаси рақами, ПИН-код ҳамда телефонингизга келган бир марталик СМС-тасдиқлаш кодларини ким бўлишидан қатъи назар бошқаларга бериш.
Ёдда тутинг! Ҳеч бир банк ходими ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакили телефон орқали сиздан картангизнинг ПИН-коди ёки СМС-кодни сўрамайди.
❗️ Ҳурматли туманимиз аҳли!
Интернет оламида хавфсизликни таъминлаш ва ўзингизни киберҳужумлардан ҳимоя қилиш учун қуйидаги қоидаларга қатъий риоя қилишингизни сўрайман:
➖ Номаълум ва шубҳали ҳаволаларни (ссилка) асло очманг;
➖ Банк ва шахсий маълумотларингиз махфийлигини таъминланг;
➖ Онлайн савдо ва хизматлардан фойдаланишда сотувчининг ишончлилигини текширинг;
➖ Буюртма қилинган маҳсулот қўлингизга тегмагунча шубҳали тўловларни амалга оширманг;
➖ Фарзандларингизнинг интернетдаги фаолияти ва виртуал мулоқотига эътиборли бўлинг;
➖ Ҳар қандай шубҳали қўнғироқ ёки хабарни текширмасдан туриб, шошилинч қарор қабул қилманг.
Агар сиз киберфирибгарлик ёки бошқа қонунбузарлик ҳолатларига дуч келсангиз, зудлик билан туман Ички ишлар бўлимига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингизни сўраймиз.
Киберхавфсизлик — ҳар биримизнинг ҳушёрлигимиз ва масъулиятимиздан бошланади!
Ўзингиз ва яқинларингиз мол-мулкини кибержиноятчилардан биргаликда асрайлик.
