Ҳақорат ва таҳдид жавобсиз қолмайди: Қонун устуворлиги ва фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясида
2026-10-19 10:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ҳақорат ва таҳдид жавобсиз қолмайди: Қонун устуворлиги ва фуқаролар ҳуқуқлари ҳимоясида
Жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимаслик, ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, шунингдек, фуқароларнинг осойишталигини бузиш қонунчилигимизга кўра қатъий жавобгарликка сабаб бўлади. Бироқ, орамизда ҳали-ҳануз қонун талабларини унутиб, аёл кишига нисбатан руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиш орқали ўз «ҳукмини» ўтказмоқчи бўладиган шахслар учраб тургани афсусли ҳолат.
Суд амалиёти шуни кўрсатадики, ҳар қандай ҳуқуқбузарликка нисбатан жазонинг муқаррарлиги тўлиқ таъминланмоқда.
Воқеа аслида қандай бўлган эди?
Иш ҳужжатларига кўра, 1995 йилда туғилган, банк филиали мутахассиси бўлиб ишловчи фуқаро А.Х. (исм-шарифи ўзгартирилган) фуқаро Р.Ш.га нисбатан мунтазам равишда тазйиқ ўтказиб келган.
Мунтазам ҳақоратли хабарлар: Фуқаро А.Х. 2026 йилнинг 14 апрель кунидан бошлаб жабрланувчи Р.Ш.га турли хил қўпол ва шаънини топтовчи СМС-хабарлар юбориб, уни мунтазам равишда ҳақоратлаб келган.
Жамоат жойида зўравонлик ва майда безорилик: Бу билан чекланмай, 2026 йил 9 август куни соат 22:00 ларда Термиз шаҳрида жойлашган, жабрланувчи ишлайдиган «Paynet» шохобчасига борган. У ерда жамоат тартибини ва фуқаролар тинчлигини бузиб, аёлнинг хоҳишига қарши ўзига тегишли автомашинага қўлидан судраб, мажбурлаб ўтқазиб олиб кетган.
Жабрланувчи Р.Ш. суд мажлисида А.Х. унга мунтазам равишда руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказиб келганини, шу сабабли Ички ишлар органларига мурожаат қилишга мажбур бўлганини билдириб, унга нисбатан қонуний ва оғирроқ жазо қўллашни сўради.
Сайёр суд ва очиқ муҳокама
Ушбу маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди томонидан «Работак» маҳалла фуқаролар йиғини биносида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.
Суд мажлисида ҳуқуқбузар А.Х. айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини айтган бўлса-да, унинг айби гувоҳлар кўрсатувлари, СМС-ёзшмалар, видеотасвир қайдлари ва тўпланган бошқа ҳужжатлар билан тўлиқ ўз исботини топди.
Суд ҳукми ва тайинланган жазо
Суд ҳуқуқбузарликнинг ижтимоий хавфлилик даражасини, аёл кишига нисбатан қилинган тазйиқни ва жамиятда юриш-туриш қоидалари қўпол равишда бузилганини эътиборга олиб, А.Х.га нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-моддаси қўллаган ҳолда узил-кесил оғирроқ жазо тайинлашни лозим топди:
Суд ҳуқуқбузарга 15 (ўн беш) сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Хулоса ўрнида
Инсон шаъни, қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлиги Конституциямиз ҳамда қонунларимиз ҳимоясидадир. Аёлга нисбатан ҳар қандай шаклдаги тазйиқ, ҳақорат ёки зўравонлик «шахсий муносабат» сифатида ниқоблана олмайди ва бунга ҳуқуқий баҳо берилади. Ушбу суд қарори жамиятда тартиб-интизомни сақлаш ва келгусида шу каби ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда муҳим сабоқ бўлиши шарт.
Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг тергов судьяси А.Б.Хакимов
