КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШДА ЯНГИ ДАВР: ЖАВОБГАРЛИК МУҚАРРАРЛИГИ ТАЪМИНЛАНАДИ
2026-07-10 13:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш, давлат органлари фаолиятида ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш изчил ислоҳотларнинг бош мезонига айланди.
Бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини оширишга, коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–1155-сонли Қонун бу йўналишда туб бурилиш ясади.
Мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчилик ҳамда аҳоли ўртасида атрофлича тушунтириш мақсадида Сурхондарё вилоят суди раиси томонидан тасдиқланган режа-график асосида туманимизда ҳам фаол тарғибот-ташвиқот тадбирлари изчил олиб борилмоқда.
Хўш, янги Қонун давлат ва жамият ҳаётига, хусусан, соҳа ривожига қандай муҳим янгиликларни олиб кирди? 1. Коррупсионерларнинг электрон реэстри юритилади
Эндиликда коррупцияга оид жиноят содир этган шахсларнинг алоҳида электрон реэстри жорий этилади. Ушбу реэстрга киритилган шахсларга нисбатан жиддий тақиқ ва чекловлар белгиланди: Улар қайта давлат хизматига қабул қилинмайди;
Сайланадиган лавозимларга номзод сифатида кўрсатилиши тақиқланади; Давлат харидларида иштирок эта олмайди. Бу тизим коррупцияга қўл урган шахсларнинг давлат бошқарувига қайта яқинлашишига йўл қўймасликнинг ишончли фильтри ҳисобланади. 2. «Коррупцияга оид жиноятлар» тушунчасига илк бор ҳуқуқий таъриф берилди Жиноят кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, қонунчиликда илк маротаба коррупцияга оид жиноятлар тоифаси аниқ ажратиб берилди ва унга 18 турдаги жиноятлар (жумладан, ҳокимият ёки мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш, пора олиш-бериш, пора беришда воситачилик қилиш ва бошқалар) киритилди. 3. Жазо чоралари кучайтирилди ва енгилликлар берилмайди Қонунга мувофиқ, энг оғир коррупсиявий жиноятлар, айниқса тизимли ва юқори даражадаги мансабдор шахслар томонидан содир этилган қонунбузарликлар учун жавобгарлик чоралари кескин кучайтирилди.
Энг муҳими, 5 турдаги коррупсион жиноятлар бўйича маҳкумларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш қоидалари мутлақо қўлланилмайди. Бу жазонинг муқаррарлигини таъминлашдаги энг қатъий қадамдир. 4. Комплаэнс ва ички назорат тизимининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди Бундан буён барча давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши ички назорат (комплаэнс) тузилмалари фаолиятининг қонуний асослари яратилди. Ушбу бўлинма ходимларининг мустақиллиги ва хавфсизлик кафолатлари таъминланади ҳамда уларнинг фаолияти Президент Администрациясининг Комплаэнс хизмати томонидан мувофиқлаштирилади. Бу тарқоқ курашишдан ягона ва яхлит тизимли назоратга ўтилганини англатади. 5. Коррупсиявий хавф-хатарлар харитаси яратилади
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари, ҳудудлар ва соҳалар кесимида коррупсиявий хавф-хатарлар харитаси шакллантирилади. Бу маиший коррупциядан тортиб юқори бўғингача бўлган занжирларни аниқлаш ва уларни барвақт бартараф этиш имконини беради. Хулоса ўрнида
Янги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда ҳуқуқий давлат асосларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини жиноий тажовузлардан ишончли ҳимоя қилишда стратегик аҳамиятга эга. Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси А.Курбанов Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди тергов судьяси А.Б.Хакимов
