КОРРУПЦИЯ ТАРАҚҚИЁТГА ҒОВ.
2026-06-12 10:00:00 / Очиқ маълумотлар

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 24 январда Олий Мажлисга қилган мурожаатномасида “Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг барча қатламлари, энг яхши мутахассислар жалб қилинмас экан, жамиятимизнинг барча аъзолари, таъбир жоиз бўлса, “ҳалоллик вакцинаси” билан эмланмас экан, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга эриша олмаймиз. Биз коррупциянинг оқибатлари билан курашишдан унинг барвақт олдини олишга ўтишимиз керак” деб таъкидланган эди.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунига кўра, коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиши, манфаатлар тўқнашуви шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият ҳисобланади.
Мазкур қонунга кўра, коррупциянинг ҳолатини, хусусиятини, миқёсларини, ўзгаришларини ва тенденцияларини, шунингдек коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг амалга оширилиш самарадорлигини ўрганиш давлат органлари томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари, шунингдек фуқаролар билан ҳамкорликда социологик, махсус, илмий тадқиқотлар ҳамда бошқа турдаги тадқиқотлар ўтказиш йўли билан доимий асосда амалга оширилади.
Социологик тадқиқотлар коррупцияга энг кўп дучор бўлган тармоқлар ва соҳаларни, унинг юзага келиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, шунингдек мазкур фаолиятга жалб этилган ижтимоий гуруҳларни аниқлаш мақсадида социологик сўровлар ўтказиш ва бошқа усуллардан фойдаланиш йўли билан жамоатчилик фикрини тизимли ўрганишни ўз ичига олади.
Махсус тадқиқотлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолияти натижаларини, коррупцияга оид жиноятчиликнинг ҳолатини, коррупция кўрсаткичларининг статистика ҳисобини мунтазам равишда тизимли таҳлил қилишни, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг хусусияти ва миқёсларини, ўзгаришлари ва тенденцияларини ўрганишни ўз ичига олади.
Илмий тадқиқотлар коррупцияга қарши курашиш муаммолари бўйича илмий тадқиқотлар ўтказишни, илмий услубиётлар ва тавсиялар ишлаб чиқишни, уларни амалиётга оқилона жорий этишни, коррупцияга қарши курашишда қўлланилаётган шакллар ва усуллар самарадорлигини прогноз қилиш ҳамда илмий таҳлил этишни ўз ичига олади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган ёки коррупцияга қарши курашишга бошқа тарзда кўмаклашган шахсларни рағбатлантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида” ги 829-сонли қарорига кўра, коррупцияга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар
-Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 611-моддаси, яъни нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, 1931-моддаси, яъни давлат органининг, давлат иштирокидаги ташкилотнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш ва 1932-моддаси, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши ва 1934-моддаси, яъни Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларини бажармасликда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар, коррупцияга оид жиноятлар-Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 167-моддасининг иккинчи қисми “г” банди, яъни мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан
талон-торож қилиш содир этилган бўлса, 168-моддасининг учинчи қисми “в” банди, яъни хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фирибгарлик, 1929 ва 19210, 205, 209-214-моддалари, 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни мансаб мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиш ҳамда 301-моддасида кўрсатилган жиноятлар ҳисобланади.
Давлат коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлайди ва рағбатлантиради.
Хулоса шуки, дунёдаги ҳар бир давлат коррупцияга қарши курашишда кескин чора-тадбирларни доимо кўриб келмоқда, чунки коррупция тараққиётнинг ривожланишига ғов бўлувчи омиллардан бири ҳисобланади.
Х.Хакимов Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси
