Қизириқ туман ИИБ бошлиғи Назиров Сайдулла Файзуллаевичнинг туман аҳолисига мурожаати
2026-06-01 16:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Хабарингиз бор, муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 5 январь куни “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2-сонли қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлар билан маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратишнинг ташкилий-профилактик асосларини замон талабларига мослаштириш, содир этиладиган қонунбузилишларнинг асл омилларини ўз вақтида аниқлаш ва комплекс чора-тадбирлар билан манзилли бартараф этиш орқали жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш тизимининг самарадорлигини янада ошириш долзарб вазифа сифатида белгиланди.
Қизириқ туманида мазкур қарорлар ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги, Прокуратура, Ички ишлар бўлими, туман Қўриқлаш бўлими ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг қўшма қарори тасдиқланди.
Шунингдек, илмий-амалий ёндашувлар ва таҳлиллар асосида 2026 йил 5 ойи давомида тумандаги 31 та маҳаллада хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, қолаверса, ўтган давр мобайнида маҳаллаларда криминоген вазиятни барқарорлаштиришнинг самарали тизимини шакллантиришга қаратилган режалар белгилаб олиниб, туман ва маҳаллалар кесимида манзилли чора-тадбирлар “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди ҳамда ижро учун масъуллар белгиланди.
Тумандаги криминоген вазияти оғир маҳаллаларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича самарали тизимни йўлга қўйиш ҳамда криминоген вазиятни барқарорлаштиришга қаратилган манзилли ишларни ташкил этиш мақсадида 5 та маҳалла яъни Работак, Дўстлик, Такия, Шодлик ва Оқжар маҳаллаларига тумандаги масъул раҳбарлар номма-ном бириктирилди.
Шу билан бирга, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тадбирлари амалга оширилиши лозим бўлган шахсларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, уларга доир маълумотлар “маҳалла еттилиги”га тақдим этилиши натижасида бугунги кунга қадар 1462 нафар фуқаронинг муаммолари ўрганилиб ижобий ҳал этилди ва қўшма хулосалар тузилди.
Бундан ташқари, спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар томонидан келгусида ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда тиббий кўрикдан ўтказилиб, 36 нафар шахслар белгиланган тартибда мажбурий даволаниш учун вилоят наркология шифохонасига ётқизилиши таъминланди.
Тумандаги ҳуқуқ тартибот ва бошқа масъул идоралар билан ҳамкорликда аҳоли орасида олиб борилган тарғибот-ташвиқот тадбирлари натижасида 130 дан зиёд хонадонлар ва 50 та савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари Қўриқлаш бўлими томонидан техник қўриқловга олинишига эришилди.
Шу ўринда сиз азиз фуқаролардан, келгусида ўғирлик ва бошқа турдаги жиноятларни олдини олиш, шунингдек, ўз хонадонларингиз ҳамда бошқа мол-мулкларингизни хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тумандаги Қўриқлаш бўлимининг техник қўриқлов пультига уланишингизни тавсия этаман.
